БУ ЮРТДА ҲЕЧ КИМ МЕҲР ВА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА КОЛМАЙДИ

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асоси аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган бўлиб, мана шунинг ўзиёқ олиб борилаётган сиёсатнинг нақадар оқилона эканлигини исботлайди. Амалда жорий этилаётган улуғвор вазифалар мазмунида ҳам юртимиздаги ҳар бир фуқаро эъзоз ва эътиборда эканлиги ўз исботини топмоқда.

Бугун бунинг натижаси ўлароқ “3-декабрь -Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан имконияти чекланган юртдошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, Хотин-қизлр қўмитаси, Ёшлар иттифоқи шаҳар бўлими ва бошқа нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари томонидан имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шаҳримиз фуқароларининг ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар тарқатилди.

3-умумтаълим мактабида шаҳар халқ таълими томонидан ўтказилган тадбирда 47 нафар имконияти чекланган, ўз уйларида таълим-тарбия олаётган ёшлар учун байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Музаффар Хашимов ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқароларга ғамхўрлик қилиш азалдан халқимизда анъанага айланган бўлиб, бу эзгу амаллар миллий урф-одатларимиз асосини ташкил этишини, шу боисдан бугун юртимиздаги барча имконияти чекланган инсонлар меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини таъкидлади.

-Шаҳримизда истиқомат қилаётган ногиронлиги бор фуқаролар ва кам таъминланган аҳоли қатламига мансуб фуқароларимиз Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа давлат-нодавлат ташкилотларнинг доимий эътиборида,- дейди шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Рахимова. Жорий йилда 22 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар имтиёзли, 6 нафар фуқаро эса Ингичка шаҳридан бепул уй-жойлар билан таъминланди. 2 нафар фуқарога тикув машинаси берилди. 20 дан ортиқ имконияти чекланган хотин-қизлар ишга жойлаштирилди, 6 нафарига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Айтиш жоизки, бундай савобли ишлардан шаҳар  тиббиёт бирлашмаси, тиббий ижтимоий хизмат бўлими ҳам четда қолгани йўқ. Шаҳар тиббий ижтимоий хизмат бўлими раҳбари Озода Ҳалимовнинг таъкидлашича, бугун сана муносабати шаҳримиздаги “Шафран” тадбирлар масканида бўлиб ўтган тадбирда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг 10 нафарига ногиронлик аравачаси, 15 нафарига эшитиш мосламаси ва 10 нафарига таянч мосламалари берилган.

Бугун ногиронлиги бор ва кам таъминланган фуқароларга бўлган эътибордан шаҳримизда  истиқомат қилаётган меҳрга ташна ҳамшаҳарларимиз баҳраманд бўлдилар. Юқорида айтганимиздек инсон ҳуқуқлари ва манфатлари олий қадрият ҳисобланган юртда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM