«YOSHLAR- KELAJAGIMIZ» ЖАМҒАРМАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ ҲУЗУРИДАГИ «YOSHLAR — KELAJAGIMIZ» ЖАМҒАРМАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида» 2018 йил 27 июндаги ПФ-5466-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси тўғрисида низом 1-иловага;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартиби тўғрисида низом 2-иловага;

Ишсиз ва банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ва мутахассисликларга профессионал ўқитиш юзасидан қисқа муддатли курслар сонини кўпайтириш ва сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 16 август,

669-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 669-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) вазифалари ва фаолият йўналишларини, уни бошқариш тартибини, шунингдек Жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига ҳисобот беради.

2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг қарорларига, мазкур Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

3. Жамғарма муассаса шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, ҳисоб рақамларига, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.

4. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс мақомига эга бўлган туман ва шаҳар филиалларини ташкил этиш ҳуқуқига эга.

5. Жамғарманинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 11-уй.

6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

тадбиркорлик субъектлари — «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) доирасида манзилли рўйхатга киритилган тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар тадбиркорлиги (18 ёшга тўлган 30 ёшдан ошмаган ёшлар) субъектлари, 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар;

тижорат банклари — Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш амалиётини бажарадиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипак йўли» АИТБ, АТ «Халқ банки» ва «Ҳамкор банк» АТБ;

кредит — Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкининг тадбиркорлик субъектлари Давлат дастури доирасидаги лойиҳаларини молиялаштириш учун бериладиган имтиёзли кредити;

кафиллик — Жамғармага тадбиркорлик субъектларининг кредит бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун тижорат банки олдида жавоб бериш масъулиятини юклайдиган кафиллик шартномаси.

2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари

7. Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидаги шаклда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади:

а) тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан (бунда, банк маржаси 2 фоизни ташкил этади) имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш;

б) тадбиркорлик субъектларига Давлат дастури доирасида бериладиган тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача, аммо 1 млрд. сўмдан ошмайдиган миқдорда Жамғарма кафиллигини бериш;

Бунда, Жамғарма томонидан тақдим этиладиган кафилликларнинг умумий миқдори Жамғарма маблағларининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

в) Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш;

г) тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш;

8. Жамғарма давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда мазкур маблағларни уларнинг устав жамғармаси (капитали)га кейинчалик капиталлаштирган ҳолда иштирок этишга ҳақли.

9. Жамғарма ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун ресурслар ажратиш;

Давлат дастури доирасида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;

тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга доир комплекс илмий ва амалий тадқиқотларни амалга оширилишида иштирок этиш.

10. Жамғарма бош келишувлар асосида тижорат банклари орқали миллий валютада тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлайди.

3-боб. Жамғармани бошқариш

11. Жамғарманинг Кузатув кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади ва унинг таркиби Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда республика комиссияси деб аталади) қарори билан тасдиқланади.

12. Жамғарманинг Кузатув кенгаши:

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссияси томонидан тақдим этилган манзилли рўйхатларни Жамғарманинг кейинги йил учун молиялаштириш прогноз параметрлари доирасида кўриб чиқади ва таҳлил қилади ҳамда тасдиқлаш учун республика комиссиясига киритади;

Олдинги таҳрирга қаранг.

тижорат банкларидан келган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ўз ваколатлари доирасида Жамғарма кафиллигини тақдим этиш ёки рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилади, шунингдек, Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида ички комиссия тузиши мумкин;

(12-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.11.2018 й., 09/18/962/2235-сон)

Жамғарманинг даромад ва харажатлари бўйича ҳар йилги прогнозларни тасдиқлайди;

Жамғарманинг бўш пул маблағларини тижорат банклари депозитларига ва бошқа молиявий активларида жойлаштириш бўйича чекланган параметрларни белгилайди;

Жамғарманинг фаолияти, шу жумладан маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши, тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатишга доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Жамғарма ижро этувчи директорининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида, шунингдек манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар вакилларининг амалга оширилаётган ишлари самарадорлиги ва тақдим этилган ресурслар, Жамғарма кафиллиги натижалари ҳақида ҳисоботларини мунтазам эшитади;

Жамғармани йиллик аудитдан ўтказиш учун, жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича аудиторлик ташкилотини белгилайди;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашига Жамғарманинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисида таклифлар киритиши мумкин;

Жамғарма ва унинг филиаллари ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тартибини белгилайди.

Кузатув кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13. Жамғармага ижро этувчи директор — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Жамғарма ижро этувчи директори:

Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади ҳамда унинг самарали ва натижадорлиги учун шахсан жавоб беради;

Жамғарма даромад ва харажатларининг ҳар йилги прогнозларини шакллантиради ҳамда Кузатув кенгашига тасдиқлаш учун киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтиришга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Кузатув кенгашига киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича чоралар кўради;

Жамғарма даромад ва харажатларини ҳисобга олиш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисида ҳисобдорликни таъминлайди ва тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш мониторингини тизимли равишда ташкил қилади;

Жамғарманинг бўш турган маблағларини Кузатув кенгаши томонидан белгиланган параметрлар доирасида тижорат банкларининг депозитларига ҳамда бошқа молиявий активларга жойлаштиради;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

Жамғарма номидан меҳнат, хўжалик ва бошқа шартномалар, шу жумладан, кафилликлар тақдим этиш ҳамда депозитларни тижорат банкларида жойлаштириш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди.

Ижрочи директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

14. Жамғарманинг, шунингдек унинг туман (шаҳар) филиалларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ барча харажатлари Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

15. Жамғарма ва унинг туман (шаҳар) филиаллари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қўшимча моддий рағбатлантириш маблағларидан ташкил топади.

4-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш

16. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

даромадларнинг прогноз қилинган қисмини ошириб бажариш ҳисобига республика бюджетидан 2018 йил августда, 1 октябргача ва 1 декабргача тенг улушларда ажратиладиган 500 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;

ҳар чоракда Жамғармага ўтказиладиган, вазирлик, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган йиллик тушумларнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармони 13-бандига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ҳар ойда тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

ҳомийлар — жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш пул маблағларини тижорат банкларининг депозитлари ҳамда бошқа молиявий активларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

Давлат дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига тижорат банкларининг кредитлари бўйича бериладиган Жамғарманинг кафиллигидан тушадиган даромадлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Давлат дастури доирасида туман ва шаҳарларда амалга ошириладиган тадбирларни 2019 ва кейинги йилларда молиялаштириш параметрлари Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг аниқ маблағларини кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

17. Жамғарма ва унинг филиаллари маблағлари шу жумладан хорижий валютадаги маблағлар тижорат банкида белгиланган тартибда очиладиган махсус ҳисоб рақамларда тўпланади.

Хорижий валютадаги маблағлар Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида белгиланган тартибда очиладиган махсус валюта ҳисоб рақамларига ўтказилади.

18. Жамғарма маблағларидан:

тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;

тижорат банкларига тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича тақдим этилган кафилликлар билан боғлиқ тўловларни тўлаш;

Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик лойиҳаларида Жамғарма улуши билан иштирок этиш;

тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун парранда ва қуён боласи, майда ва йирик қорамол сотиб олишда кўмаклашиш;

давлат-хусусий шериклик шартларида «Yosh tadbirkorlar» коворкинг-марказлари ва «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари қурилиши қийматининг 30 фоизигача бўлган қисмини молиялаштиришда мазкур маблағларни уларнинг устав жамғармаси (капитали)га кейинчалик капиталлаштирган ҳолда иштирок этиш;

Жамғарма ва унинг филиалларини сақлаш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш;

Жамғарманинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш;

Жамғарма ва унинг филиаллари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ва устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек, қўшимча моддий рағбатлантириш;

Жамғарма кафиллик портфелини суғурта йўли билан қоплаш бўйича сарф-харажатларини амалга ошириш;

Жамғарма Уставида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

5-боб. Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ресурслар тақдим этиш

19. Тижорат банкига ресурс тақдим этиш учун Жамғарма ва тижорат банки ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома (кейинги ўринларда бош келишув деб аталади) тузилади.

20. Жамғарма томонидан тижорат банкига ресурс тақдим этиш бўйича бош келишувда тижорат банки ушбу маблағлардан тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш учун ресурс сифатида фойдаланиши қатъий келишилади.

Бош келишувда, шунингдек тижорат банклари Жамғарма ресурслари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган кредитлар ва мол-мулк лизинги бўйича имтиёзли фоиз ставкалари миқдори кўрсатилади.

21. Жамғарма бош келишувни имзолагандан сўнг унда қайд этилган муддатларда тижорат банкларининг аризасига асосан уларнинг вакиллик ҳисоб рақамига зарур миқдордаги ресурсларни ўтказади.

22. Жамғарманинг тижорат банкларига тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш мақсадида маблағлар ажратиш учун тақдим этиладиган маблағлари кредит ажратиш муддатига қараб, тегишли баланс ҳисоб рақамларида ҳисобга олинади.

23. Жамғарма томонидан тадбиркорлик субъектларига кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун тижорат банкига тақдим этилган ресурслар суммасига тижорат банкнинг 2 фоиз банк маржаси чегириб қолингандан сўнг 5 фоиз ставкаси миқдорида фоизлар қўшади ва ушбу фоизлар жамғариб бориладиган ҳисоб рақамида тўпланади ҳамда бош келишувда қайд этилган муддатларда Жамғарманинг тегишли банк ҳисоб рақамига ўтказилади.

24. Тижорат банки ресурсларнинг фойдаланилмаган қисмини Жамғарма ҳисоб рақамига бош келишувда қайд этилган муддатларда қайтариши лозим.

25. Навбатдаги ресурсларни ажратишда Жамғарма ва тижорат банки ўртасида янги ресурслар миқдори кўрсатилган ҳолда, бош келишувга қўшимчалар киритилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

26. Жамғарма томонидан манзилли рўйхатга мувофиқ тижорат банкининг мурожаати асосида ажратилган ресурс маблағларига, ушбу маблағ тегишли тижорат банкига ўтказилган кундан бошлаб фоиз ҳисобланади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига берилган кредит ва мол-мулк лизинги бўйича асосий қарз ва ҳисобланган фоизларнинг қайтарилишидан қатъи назар тижорат банки томонидан Жамғармага ресурс ва унга ҳисобланган фоиз тўловлари белгиланган муддатда қайтарилиши шарт.

(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.11.2018 й., 09/18/962/2235-сон)

27. Жамғарма тижорат банкида тадбиркорлик субъектларига кредит ва мол-мулк лизинги бериш учун тақдим этилган ресурслардан мақсадли фойдаланилишини, кредит ва лизинг ишларини ўрганиш ҳамда тижорат банки вакили билан жойларга чиқиш йўли билан текшириш ҳуқуқига эга.

Маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Жамғарма тижорат банкидан ресурсларнинг тегишли қисмини муддатидан аввал қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Тижорат банки бош келишувда келишилган шартлар асосида Жамғарманинг ушбу талабларини бажаришга мажбур.

28. Тижорат банклари ҳар чоракда Жамғармага ва ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Жамғарма ресурсларини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида кредит ва мол-мулк лизинги олган тадбиркорлик субъектларининг реестри илова қилинган ҳисоботни тақдим этади. Ушбу ҳисоботлар маълумотлари бўйича ҳар чоракда тижорат банки ва Жамғарма ўртасида маблағлардан фойдаланилишини таққослаш далолатномалари тузилади.

29. Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкига ресурс тақдим этиш билан боғлиқ бошқа масалалар Жамғарма ва тижорат банки ўртасида тузиладиган бош келишувда кўрсатилиши мумкин.

6-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишини ҳисобга олиш, ҳисобот бериш ва назорат қилиш

30. Жамғарманинг ижро этувчи директори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва уларнинг сарфланишини ҳисобга олади ҳамда улар бўйича ҳисобот тузади.

31. Тижорат банки ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай Жамғармага унинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисида маълумот тақдим этади.

32. Ижро этувчи директор ҳар чоракда Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланилгани тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади.

33. Ижро этувчи директор молиявий йил ниҳоясига етгач, кейинги йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда республика комиссиясига молиявий ҳисобот йилида Жамғарма томонидан берилган кафилликлар асосида амалда тўланган компенсациялар ва тўловлар тўғрисида ахборот тақдим этади.

34. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат бош бошқармаси белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текширади.

35. Жамғарма маблағларининг ўз вақтида шакллантирилиши ва мақсадли сарфланиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат ўрнатилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

36. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 669-сон қарорига
2-ИЛОВА

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларидан кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш ҳамда тижорат банклари кредитлари бўйича кафилликлар бериш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш комиссияси (кейинги ўринларда ҳудудий комиссия деб аталади) — тегишли ҳудудда Давлат дастурининг бажарилишини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бошчилигида ҳамда ички ишлар бошқарма (бўлим) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши раиси, шунингдек, Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази бўлинмаси раҳбаридан иборат таркибда ташкил этиладиган комиссия;

тадбиркорлик субъектлари — Давлат дастури доирасида манзилли рўйхатга киритилган тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар тадбиркорлиги субъектлари (18 ёшга тўлган 30 ёшдан ошмаган ёшлар), 50 фоиз ва ундан кўпроқ муассислари ёшлардан иборат бўлган тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар;

манзилли рўйхат — ёшлар шуғулланиш истагини билдирган меҳнат фаолияти турини таҳлил қилиш, шунингдек, имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш талабномаларини танлаб олиш натижалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан шакллантириладиган ҳамда Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссияси томонидан тасдиқланадиган тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳалари мажмуи;

тижорат банклари — Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш хизматларини кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипак йўли» АИТБ, АТ «Халқ банки» ва «Ҳамкор банк» АТБ;

кредит линияси — тижорат банклари билан Жамғарма ўртасида тузилган шартномаларга асосан ёшларга имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш учун очилган кредит линиялари;

ишчи гуруҳ — ҳудудий комиссия томонидан тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида инвестициявий ва ижтимоий комплекслар ҳудудий органларининг, молиялаштирувчи тижорат банкларининг бириктирилган ходимлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат солиқ инспекцияси ва Жамғарманинг туман (шаҳар) филиали ходимидан иборат таркибда ташкил этилган гуруҳ.

3. Жамғарма Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда республика комиссияси деб аталади) ишчи органи ҳисобланади.

2-боб. Манзилли рўйхатларни шакллантириш тартиби

4. Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга олиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

5. Ҳудудий комиссия ишчи гуруҳ билан биргаликда ҳар йили октябрь ойига қадар ҳар бир хонадонни уйма-уй юриш орқали Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга олиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларининг дастлабки рўйхатини шакллантиради.

6. Ҳудудий комиссия тижорат банклари билан биргаликда шакллантирилган тадбиркорлик субъектларининг дастлабки рўйхатига мувофиқ лойиҳаларни ҳар йили 1 ноябрга қадар қуйидаги мезонларга асосан ўрганиб чиқади:

лойиҳанинг ҳисоб-китоблари асосланганлиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги;

лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ва етарлича шароит мавжудлиги;

лойиҳани амалга ошириш юзасидан имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича мажбуриятларни мол-мулк гарови, суғурта ташкилотлари кафолати, учинчи шахс кафиллиги билан таъминланиши, шунингдек, Жамғарманинг кафиллигига бўлган эҳтиёжи;

лойиҳани ҳақиқатдан ҳам тадбиркорлик субъекти лойиҳа ташаббускори эканлиги, унинг бизнес кўникмаларга ва лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари бўйича тўлиқ тушунчага эга эканлиги;

лойиҳанинг мазкур Низомнинг 24 ва 34-бандлари талабларига мувофиқлиги;

лойиҳани амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва унинг бошқа муҳим жиҳатларини ўрганади.

7. Ҳудудий комиссиялар томонидан манзилли рўйхатга киритиш учун лойиҳалар танлаб олинишида қуйидагиларга устуворлик берилади:

ишсиз ёшлар сони кўп бўлган маҳаллаларда амалга ошириладиган лойиҳаларга;

бошқа лойиҳаларга нисбатан кўпроқ иш ўрни яратиладиган лойиҳаларга;

инновацион ва стартап лойиҳаларга;

кам таъминланган оилалар аъзоси бўлган ёшларга;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёшларга;

бола тарбиялаётган ёлғиз ёш ота ёки оналарга.

8. Зарур ҳолларда, ҳудудий комиссия лойиҳа ташаббускорини таклиф этган ҳолда лойиҳанинг тақдимоти ўтказилишини ташкил қилиши мумкин.

9. Тадбиркорлик субъектининг лойиҳаси бўйича тижорат банкининг кредит қўмитаси (комиссияси) имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш бўйича хулоса тақдим этади.

10. Ҳудудий комиссия тижорат банкларининг кредит қўмиталари (комиссиялари) томонидан тақдим этилган хулосаларга асосан туман (шаҳар)да реализация қилинадиган самарали лойиҳаларни манзилли рўйхатини шакллантиради ва мазкур Низомга 2-иловадаги шаклга мувофиқ расмийлаштиради ҳамда ҳар йили 10 ноябрга қадар Жамғармага тақдим этади.

11. Жамғарма ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим этилган манзилли рўйхатларни ҳар йили 1 декабрга қадар туман (шаҳар)лар кесимида умумлаштириб, Жамғарманинг кейинги йил учун молиялаштириш прогноз параметрлари доирасида кўриб чиқади ва таҳлил қилади ҳамда тасдиқлаш учун республика комиссиясига киритади.

12. Тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати республика комиссияси томонидан ҳар йили 25 декабрга қадар тасдиқланади.

13. Тасдиқланган манзилли рўйхат 3 кун ичида тижорат банкларига ҳамда Жамғармага тақдим этилади. Жамғарма тасдиқланган манзилли рўйхатни олганидан сўнг 5 иш куни ичида уни ҳудудий комиссияларига етказилишини ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлайди.

Ҳудудий комиссияларга тасдиқланган манзилли рўйхат келиб тушган кундан бошлаб 10 кун ичида мазкур рўйхатга киритилган тадбиркорлик субъектлари (лойиҳа ташаббускорлари)ни хабардор қилади.

14. Тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ лойиҳаларнинг реализация қилинганлиги ҳудудий комиссиялар томонидан ҳар чоракда ўрганилиб, лойиҳаларни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар ҳал этиб борилади.

Шунингдек, заруратга кўра манзилли рўйхатда белгиланган муддатда амалга оширилмаган лойиҳалар ўрнига ҳудудий комиссиялар томонидан аниқланган бошқа истиқболли лойиҳаларни тасдиқланган параметрлар доирасида молиялаштиришни инобатга олган ҳолда манзилли рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Жамғармага таклифлар киритади.

15. Жамғарма ҳудудий комиссияларнинг манзилли рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларини умумлаштиради, кўриб чиқади ва заруратга кўра натижаси бўйича республика комиссиясига киритади.

3-боб. Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва мол-мулкни лизинга беришнинг умумий тартиби

16. Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва лизинг хизматларини кўрсатиш тижорат банклари ҳамда тижорат банклари томонидан жалб қилинган лизинг хизматини кўрсатувчи ташкилотлар орқали манзилли рўйхатга асосан амалга оширилади.

17. Манзилли рўйхатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Жамғарма билан тижорат банки ўртасида 5 йил муддатгача йиллик 5 фоиз ставка билан молиявий ресурслар ажратиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда бош келишув деб аталади) имзоланади.

18. Бош келишувда тижорат банки Жамғарма маблағларидан манзилли рўйхатга киритилган лойиҳаларнигина молиялаштириш учун фойдаланиши қатъий белгиланади.

19. Манзилли рўйхатдаги лойиҳалар тижорат банкларининг кредит қўмиталари (комиссиялари) томонидан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг молиялаштирилади.

20. Имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга 12 ойгача имтиёзли давр билан тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектига йиллик 7 фоиз ставкада (бунда тижорат банки маржаси 2 фоизни ташкил этади) берилади.

Бунда, имтиёзли кредит ва мол-мулк лизингидан фойдаланиш муддати ва имтиёзли даври лойиҳаларнинг бизнес режасига асосан белгиланади.

Манзилли рўйхатга киритилган қиймати икки миллиард сўмдан юқори бўлган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижобий хулосаси олингандан сўнг молиялаштирилади.

21. Имтиёзли кредитлар ва мол-мулк лизинги учун ажратилган маблағлар тижорат банкларининг алоҳида ҳисобварақларда юритилади.

4-боб. Жамғарма кредит линияси ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва расмийлаштириш тартиби

22. Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар тадбиркорлик субъектларига тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш мақсадлари учун ажратилади.

23. Имтиёзли кредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

24. Жамғарма маблағларидан имтиёзли кредитлар ажратиш мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

25. Имтиёзли кредитлар қуйидаги мақсадларга ажратилмайди:

аввал олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзларни қайтаришга;

спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, чилим ва электрон сигареталар ишлаб чиқаришга;

савдо-воситачиликни амалга оширишга;

умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантиришга;

Олдинги таҳрирга қаранг.

(25-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.11.2018 й., 09/18/962/2235-сон)

ишлаб чиқариш мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни сотиб олишга;

маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан хизмат автомобиллари таъминотига;

тиражли, бир лаҳзали ва рақамли лотореяларни ташкил этишга, шунингдек ушбу мақсадлар учун ускуналар харид қилишга.

Олдинги таҳрирга қаранг.

26. Айланма маблағларни тўлдиришга имтиёзли кредитлар тадбиркорлик субъектларига 18 ой муддатгача ажратилади.

(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги 962-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.11.2018 й., 09/18/962/2235-сон)

27. Тадбиркорлик субъектлари кредит олиш учун тижорат банкига ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

бизнес режа;

кредитлар қайтарилиши бўйича мажбуриятни таъминлашга доир ҳужжатлар;

паспорт нусхаси — юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини юритаётганлар учун.

Юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари юқоридаги тегишли ҳужжатлар билан бирга давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия балансини (1-сон шакл), 90 кундан ортиқ муддатдаги қарзларга доир солиштириш далолатномаларини, молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботни (2-сон шакл) тижорат банкига тақдим этади, янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно.

28. Имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича мажбуриятлар мол-мулк гарови, суғурта ташкилотлари кафолати, учинчи шахс кафиллиги, жумладан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармасининг кафиллиги (кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) ҳамда қонун ҳужжатларида ва тижорат банкининг ички кредит сиёсатида белгиланган