ПРЕЗИДЕНТ: ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ — ФАҚАТ НАФАҚА ТЎЛАШ ДЕГАНИ ЭМАС

Президент ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Бугун бу масалалар билан 30 га яқин тузилма шуғулланмоқда, аммо соҳада муаммолар ва қонунбузарликлар учраб турибди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда сўнгги икки йилда ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилгани, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилингани қайд этилди.

Лекин тизим билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Халқ қабулхоналарига ижтимоий нафақалар тайинлаш билан боғлиқ 36 мингта шикоят бўлгани ҳам шундан далолат беради.

Масалан, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини аниқлаш, ҳисобга олишнинг ягона мезони йўқ. Пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий қилинмаган. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти.

Бундай ҳолатлар аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадалидан озод қилиш каби масалаларда ҳам учрайди. Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй ва иш билан таъминлаш, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ишларни координация қиладиган яхлит тизим йўқ, бу масалалар билан ўттизга яқин давлат идоралари, ташкилотлар ва комиссиялар шуғулланмоқда.

Йиғилишда халқаро тажриба асосида бу соҳада бутунлай янги тизимни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бунинг учун, аввало, ижтимоий кўмакка муҳтожларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш, тўловларнинг манзиллилигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига халқаро ташкилотлар экспертларини жалб этиб, истеъмол савати ва яшаш минимумини ҳисоблаш тартиби ҳамда истеъмол меъёрларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Уни аввал муайян шаҳар ва вилоятларда тажрибадан ўтказиб, кейин амалга киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини аниқлаш ва нафақа тўлашнинг аниқ мезонларини (индикаторларини) жорий этиш, ижтимоий ёрдам олувчиларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.

Бу реестрнинг афзаллиги шундаки, солиқ, ички ишлар, кадастр, банк, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат, коммунал ва маҳалла идоралари маълумотлари ягона базага бирлаштирилади. Натижада ҳужжатларни йиғишга кетадиган вақт ҳозирги бир неча кундан бир неча соатга қисқаради, фуқаролар битта идорага мурожаат қилиш билан барча масалаларни ҳал эта олади.

Ижтимоий ҳимоя фақат нафақа тўлаш билан кифояланмасдан, балки муҳтожларнинг «оёққа туриши»га кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди. Мисол учун, ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли меҳнат шароити яратиб бериш орқали уларнинг 80 фоизини фойдали меҳнатга жалб қилиш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ногиронлик гуруҳлари бўйича касблар классификаторини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ишлашига қўшимча имкониятлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, шу жумладан, уларни иш билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

 
2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM