ҚАЛБИМГА БИР УМРГА МУҲРЛАНГАН ЛАҲЗАЛАР

Мактаб ҳовлисида тизилиб турган ўқувчиларнинг ҳурмат, эҳтиром ва қувонч билан устозларини кутиб олиши ҳар қандай ўқитувчи мураббийга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Бугунги тантана, юксак ҳурмат акс этган лаҳзалар ҳам устоз Маҳлиё Джакбарованинг қалбида бир умрга муҳрланди десак муболаға бўлмайди.

Устознинг қўлга киритган ютуқлари ўқитувчи мураббийларнинг касб байрамлари арафасида Каттақўрғон шаҳар аҳлига, Халқ таълими соҳаси вакилларига муносиб туҳфа бўлди. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг Республика босқичида иштирок этиш ва ғолибликни қўлга киритиш албатта, устознинг самарали меҳнатлари натижасидир.

Ана шу муносабат билан устоз фаолият кўрсатаётган шаҳримиздаги 17-ихтисослашган мактабда тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Рахимова ва бошқалар устозни, мактаб жамоасини, шаҳар Халқ таълими бўлимини ушбу улкан ютуқ билан муборакбод этиб, уларнинг келгусидаги шарафли ва машаққатли фаолиятларида муваффақиятлар тилади.

Ҳақиқатдан ҳам шаҳримиздаги таълим муассасалари педагогларига анча йиллардан буён танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш насиб этарди. Лекин бу йил қўлга киритилган ютуқ устоз Маҳлиё Джакбарованинг беқиёс хизматлари билан бирга бутун шаҳримиз таълим тизимига берилган муносиб баҳо бўлди.

-Бугунги кун қалбимда бутун умрга сақланиб қоладиган лаҳзалар бўлди. Айни вақтда мактабга биринчи ишга келган кунларимни эсладим. Мана орадан ўтган 7 йил ичида мактаб менинг ҳаётимда муҳим ўринга эга бўлган масканга айланди. Албатта мен бу ютуқни қўлга киритишимда мактаб раҳбарияти, бутун жамоамизнинг ҳиссаси юқорилигини алоҳида таъкидлайман. Қолаверса фаолиятим давомида мактабдаги кўпгина устоз педагогларнинг ёрдами билан тажрибамни орттирдим. Бирингиз опа, бирингиз сингил бўлиб мени қўллаб-қувватлаб турдингиз. Шогирдларимнинг менга бўлган ишончи ҳам далда бўлди. Албатта бу ютуқ мени келгусида ишга масъулият билан ёндашиш, ватанимиз келажагига муносиб ёшларни тарбиялашда янада кўпроқ ҳисса қўшишга ундайди,-дейди тадбирда сўзга чиққан устоз Маҳлиё Джакбарова.

Тадбир сўнггида ўқувчи ёшлар устозларига ўзларининг самимий дил сўзларини, тилакларини изҳор этдилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM