ҚУТУРИШ-ЮҚУМЛИ, ВИРУСЛИ КАСАЛЛИК

Қутуриш - ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ҳамда ўлим билан якун топадиган ўта хавфли юқумли вирусли касалликдир. Одамлар учун касаллик манбаи бўлиб: қутурган уй ҳайвонлари - ит, мушук, сигир, от, эшак, чўчқа, ёввойи ҳайвонлардан - чиябўри, тулки ва бўрилар ҳисобланади. Одамларга қутуриш касаллиги 90-95 % ҳолатларда итлардан юқади.

Касаллик одамга қандай юқади?

Одамга қутуриш касаллиги шу касалликка чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади. Касаллик ўта оғир кечиб, доимо ўлим билан тугайди.

Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларда кузатиладиган белгилар:

ҳайвон тажовузкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга ҳаракат қилади;

ёруғликдан қўрқади, қоронғу жойга кириб олишга ҳаракат килади, эгаси чақирганида олдига келмайди;

овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб, ютади, кейинчалик ютиниши қийинлашади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуши буғилиб, йўқола бошлайди ва орқа оёқлари юрмай қолади, яъни фалажланиш ҳолатлари кузатилади. Ҳайвонларда ҳам касаллик ўлим билан якун топади.

Сиз агар ит ва бошқа уй ҳайвонларингизда касалликнинг шундай белгиларини кузатсангиз, дарҳол ветеринария врачига мурожаат этинг!

ЁДИНГИЗДА БЎЛСИН!

Итни доимо боғланган ҳолда сақлаш, кўчага олиб чиқилганда тумшуқ тасмасини тақиш, итни тунда кўчага чиқариб юбормаслик ва кўчада қаровсиз қолиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар билан мулоқотда бўлишига йўл қўймаслик керак;

Фарзандларингизни қаровсиз қолган ва бегона итларни уйга олиб келишига асло йўл қўйманг;

Итни ўз вақтида ҳудудий ветеринария идораларига олиб бориб, рўйхатдан ўтказиш, ҳар йили уни ветеринария кўригидан ўтказиб, қутуришга қарши эмлатиш зарур.

Агар, Сизни ҳайвон тишласа ёки сўлаги жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватингизга тушса, унда Сиз зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилишингиз ҳамда мутахассис врачнинг тавсиясига кўра, қутуришга қарши ўз вақтида ва тўлиқ эмланишингиз керак.

Каттақўрғон шаҳар ветеринария бўлими.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM