ҚАБУЛДА 400 ДАН ОРТИҚ МУРОЖААТЧИ ҚАТНАШДИ

Каттақўрғон шаҳрида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.Қабул давомида фуқаролардан уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлашиш, уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш, соғлиғини тиклаш, моддий ёрдам олиш, уй-жойини таъмирлаш, коммунал тўловлардаги қарздорликлар масалари бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди. Сайёр қабулда Каттақўрғон туман, Каттақўрғон шаҳар, Иштихон, Оқдарё ва бошқа туманлардан ташриф буюрган, рўйхатга олинган жами 472 нафар мурожатнинг 269 нафари Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаролардан тушган.

- “5 нафар фарзандим бор. Ўзим жамоатчилик асосида ишлайман. Уй олишга шароитим йўқлиги боис вилоят ҳокимининг сайёр қабулига уй-жой олиш масаласида мурожаат билан келгандим. Кўп йиллардан буён мени қийнаб келаётган уйга муҳтожлик масаласи ижобий ҳал бўлганидан жуда хурсанд бўлдим. Менга Ингичка қўрғончасидаги кўп қаватли уй-жойдан бериладиган бўлди”, - дейди Каттақўрғон шаҳар Қориравот МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Кумуш Муродуллаева. 

Худди шу масалада мурожаат қилган фуқаро “Сиплон” маҳалласида яшовчи Муниса Абдуллаева ҳам ёшлар уйидан унга уй-жой ажратилаётганидан мамнунлигини билдирди.

Қабул давомида барча мурожаатлар атрофлича ўрганилиб ҳал этилиши борасида тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди ва уларнинг бажарилиши назоратга олинди. Лекин кўп бора такрорланаётган бўлсада сайёр қабулда айрим фуқароларнинг ҳали-ҳам боқимандалик кайфиятида эканликлари, имкони, иложи бўлсада, қўлидан келсада ўзи бажаришни истамай “тайёр ошга баковул” истаги билан мурожаат қилганликлари ҳам кўзга ташланди.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM