ҲАММА ГАП ЛОҚАЙДЛИКДА!

Бугунги кунда инсоният ҳаёти ва соғлиғига таъсир қилувчи, жиддий хавф солувчи иллатлардан бири сифатида тан олинган ОИВ инфекциясини олдини олиш, касалликни авж олишига йўл қўймаслик борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Лекин бу ишлар етарли эмаслиги, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ўз натижасини бермаётганини яқинда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирлари бажарилишини таъминлаш бўйича вилоят комиссияси йиғилишида ўз исботини топди. Айнан ушбу йиғилиш қарорида белгиланган топшириқларни ижросини таъминлаш юзасидан шаҳар Драма театрида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи П.Садинов ҳамда марказ врач эпидемиологи Б.Темировлар Каттақўрғон шаҳрида ОИВнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар юзасидан маъруза қилдилар ва бу борадаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шаҳар миқёсида 2019 йил 1 май ҳолатига кўра 168 нафар шахсларнинг ОИВ инфекцияси билан яшаётганлиги ачинарли ҳол. Бу 100000 аҳолига нисбатан 280,7 ни ташкил этади. Бу вилоят кўрсаткичидан анча юқори.  (2018 йилда ОИВ билан касалланганлар 18 нафарни ташкил қилган) Ушбу шахсларнинг 95 нафарини эркаклар, 73 нафарини аёллар ва 23 нафарини 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу шаҳар аҳолиси орасида ОИВ инфекциясининг нохуш эпидемик вазият юзага келганини билдиради.

Касаллик 125 нафар шахсга жинсий йўл орқали, 41 нафарга парентерал йўл орқали ўтган ва 2 нафарига юқиш сабаби номалумлигича қолмоқда.

Шунингдек, инфекциянинг шаҳар аҳолиси ўртасида аниқланиши таҳлили бўйича, жинсий шериклар текширилганда 21 нафар, гиёванд моддалар қабул қилувчиларда 12 нафар, бетартиб жинсий алоқа қилувчиларда 19 нафар, меҳнат миграциясида бўлиб қайтганларда 26 нафар, ҳомиладор аёлларда 16 нафар, клиник кўрсатмалар бўйича текширилганда 24 нафар, никоҳланувчи шахслар орасида 10 нафар, жазо муддатини ўташлар орасида 18 нафар, донор сифатида қон топширганларда 2 нафар ва 20 нафар бошқа кодлар бўйича аниқланган.  

Шунингдек, йиғилиш давомида касалликни келтириб чиқарувчи омиллар хусусида ҳам сўз юритилди. Унга кўра шаҳарда ушбу иллатни кўпайишига бир қатор сабаблар мавжуд, жумладан, аҳоли ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва хабардорлигини ошириш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда самарали ва сифатли иш олиб борилиши яхши йўлга қўйилмаган, меҳнат миграциясида бўлиб қайтган фуқаролар ўз вақтида ҳисобга олиниб, инфекция текширилиши таъминланмаган. Маълумотларга кўра 3845 нафар миграциядан қайтган фуқароларнинг 2155 нафари ҳисобга олинган ва уларнинг 2066 нафари текширилганда 6 нафарида касаллик борлиги аниқланган.

2019 йилнинг 4 ойи давомида 352 нафар никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтказилиб ОИВ инфекциясига текширилганда 2 нафарида инфекция борлиги маълум бўлган.

2018 йил ва 2019 йил 1 майига қадар хавфли гуруҳга мансуб фуқароларни, яъни наркотик моддаларни истеъмол қилувчи, бетартиб ҳаёт кечирувчиларни ҳисобга олиш ва ОИВ инфекциясига текширилиши ташкил этилмаган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги ПҚ-3493 сонли “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ҳақида ҳамкор ташкилотлар (шаҳар ИИБ, халқ таълими, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғини, бош имом хатиб, бандликка кўмаклашиш маркази) томонидан 2019 йилнинг 1-чорагида маълумотлар тақдим этилмаган.

Танқидий руҳда ўтказилган йиғилиш сўнгида ҳамкор ташкилотларга касалликни бартараф этиш, янада авж олишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини тарқалиши, юқиши омиллари ҳақида кўпроқ тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди.

Албатта, масъул мутасадди ташкилотлар келгусида бу борада амалга ошириладиган  ишларга лоқайдлик билан қарамасдан, зарур чора-тадбирларни ўз вақтида бажарилишини таъминласалар мақсадга мувофиқ бўларди. Яна шуни таъкидлаш жоизки, касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва уни олдини олиш ишларига аҳолининг ўзини ҳам кенг жалб этиш лозим. Бунинг учун уларга касаллик, унинг юқиш йўллари ҳақида аниқ ва тўғри тушунчаларни бериш,  фуқароларда тиббий маданиятни шакллантириш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига бефарқ бўлмай, унинг ўзи ҳам қайғуриши лозимлигини уқтириш керак. Четга чиқиб келган мигрант ҳақида патронаж ҳамшира, маҳалла ёки ИИБ ходими хабар топгунча у касалликни хотини (ёки эри)га юқтиришга улгуриши мумкин.

Ҳар биримиз бунга бефарқ бўлмаслигимиз, касалликни юқтирган одам эртага бизнинг ҳам яқинимиз бўлиши мумкинлигини эсдан чиқармаслигимиз керак.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM