КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ НАВРЎЗ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, азиз ҳамшаҳарлар!

Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда Сиз азизларни халқимизнинг улуғ айёми – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.

Бугун юртимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида Наврўз сайиллари шод-у хуррамлик билан бўлиб ўтмоқда. Албатта, кекса-ю ёш барча каттақўрғонликларни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Шарқона янги йилимиз барчамизга муборак бўлсин! Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!

Бугун юртимизда, Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғ ва эркин, ҳаёти фаровон ва бахтиёр бўлишини таъминлайдиган жамият ва давлат барпо этишга қаратилган эзгу ғояларни амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ғоялар замирида ҳар бир ўзбекистонликнинг тақдири, ҳаёти мужассамдир. Бу олижаноб мақсад эса Наврўзи олам қадриятлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Инсон қадрини улуғлаш, халқни рози қилиш йўлида қўйилган улкан мақсадлар, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт каби йўналишлардаги белгиланган дастурларни амалга ошириш асосий вазифамиздир. Албатта, биз бу борадаги улкан бунёдкорлик ишларни амалга оширишда Сиз мўътабар отахон ва онахонларнинг маслаҳатларингиз ва дуои фотиҳаларингиздан куч оламиз.

Юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида фаоллик кўрсатиб меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга ишонамиз ва таянамиз. Шу қутлуғ айёмда ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Шу ўринда мен Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин!” деб айтган тилакларини эсга олмоқчиман. Бунинг замирида улкан маъно мужассам. Зеро, Наврўзнинг ўзига хос бўлган эзгу анъана ва қадриятлари бор.

  Кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ёрдам ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг дардига дармон бўлиш каби халқимизга хос бўлган ушбу савобли амалларни нафақат Наврўз айёмида, балки ҳар куни адо этишимиз лозим. Бу амаллар барчани янада бирдамлик ва ҳамжиҳатликка, инсонпарварлик ва олижанобликка ундайди.

Албатта, юртимизда бўлгани сингари шаҳримизда ҳам аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Бунда “Темир дафтар, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Меҳр дафтари” орқали кўрсатилаётган ёрдамларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз барпо этаётган ижтимоий ва халқпарвар давлатда меҳр-шафқат, саховат ва ҳиммат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Мен барчангизни, авваламбор, раҳбар ва мутасаддиларни шу борада янада фаол ва самарали ҳаракат қилишга даъват этаман. Токи азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда эканлигини тўла ҳис қилиб яшасин.

Азизлар!

Наврўз яшариш, янгиланиш фасли. Шу боисдан шаҳримизда ҳам улкан бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишни режалаштирганмиз. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида шаҳримизда баҳор фаслида 100 мингта кўчатларни ўтқазиш кўзда тутилган ва ҳозирга 30 мингдан ортиқ кўчатлар экилди. Ўйлайманки бу хайрли ишда шаҳримиздаги барча идора ва ташкилотлар, маҳаллалар,  таълим муассасалари, кенг жамоатчилик фаол иштирок этадилар. Қолаверса бутун юртимизда сингари Каттақўрғон шаҳрида 16-18 март кунлари кенг кўламдаги умумхалқ хашари ўтказилди. Бунда маҳаллаларимиз, хонадонлар, идора ва ташкилотлар, қабристонларда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шуни таъкидлаш жоизки бу каби хайрли тадбирлар ҳам Наврўз байрамининг қадим қадриятларига ҳамоҳанг тарзда эканлиги билан аҳамиятлидир.

  Бу йилги хосиятли Наврўз фасли юртимизга қўшалоқ байрамларни бошлаб келди. Зеро, бу йилги байрамни биз қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шарифда нишонламоқдамиз.

 Бугунги имкониятдан фойдаланиб барчангизни ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман. Шунингдек, мамлакатимизда 22-март куни нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман.

Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз.  Тинчлик ва бағрикенглик элчиси бўлган бу айём – 21 март Бирлашган миллатлар ташкилоти қарори билан Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонлаб келинаётгани ҳам барчамизни янада хурсанд қилади.

Қадрли дўстлар!

Яна бир бор барчангизни Наврўз умумхалқ байрами билан табриклайман. Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, қут-барака, бахту саодат олиб келсин! Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM