КАТТАҚЎРҒОНДА МАДАНИЯТ ВА ТУРИЗМ КЛАСТЕРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Буюк Ипак йўлида жойлашган Каттақўрғон шаҳри ўзининг қулай географик жойлашуви билан туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда шаҳарда бу борада турли лойиҳаларни амалга ошириш  режалаштирилган.

Бугун Каттақўрғон сув омборида ана шундай лойиҳалардан бири бўлган каттақўрғонлик тадбиркор Сафар Эргашев томонидан йўлга қўйилаётган Маданият ва туризм кластери тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор раҳбарлари, ёшлар, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари тадбиркор томонидан амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича тақдимоти билан танишдилар.

Ушбу лойиҳа 3 босқичли бўлиб, биринчи босқичда яшил табиат қўйнида кафе-бар, ёзги ширинликлар (музқаймоқ) замонавий  овқатланиш шахобчалари, енгил конструкцияли тамадди жойлари, аёллар учун ёпиқ ва эркаклар учун очиқ турдаги аквапарк, ҳаво шарлари ва сув техникалари (скутер катерлар), болалар оромгоҳидан иборат бўлган  очиқ дам олиш маскани барпо этилади.

Иккинчи босқичда  ҳар -хил турдаги дам олиш уйлари,  ресторанлар ҳамда 3- босқичда меҳмонхона ва 8 минг ўринга мўлжалланган Амфитеатр лойиҳаси амалга оширилади.

Яқинда шаҳарга ташриф буюрган вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов Каттақўрғон сув омборида ташкил қилинаётган мазкур маданият ва туризм кластери ҳудудида бўлиб, лойиҳа билан танишди ва ўзининг фикрларини билдирди.

Ушбу Маданият ва туризм кластерининг биринчи босқичдаги объектлари жорий йилнинг 1 июнида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, шаҳар прокурори Исмоил Нуриддинов ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар кенг қамровли ушбу лойиҳа келгусида нафақат Каттақўрғон шаҳри аҳолиси балки Самарқанд вилоятига ташриф буюрадиган меҳмонлар учун қулай дам олиш маскани сифатида хизмат кўрсатишини таъкидладилар.

Тадбир сўнггида нуронийлар бу каби хайрли ишларнинг янада бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM