ПЕДАГОГНИНГ МАҚОМИ МАХСУС ҚОНУН БИЛАН БЕЛГИЛАНДИ

Маълумки, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 1 феврал куни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги -901-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Кўп йиллардан буён кутилган мазкур қонунда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

Драма театрида шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи-педагоглар иштирокида ўтказилган йиғилиш ушбу масалага бағишланди.

Йиғилишда сўз олган  шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда шаҳар прокурори Исмоил Нуриддинов янги Қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг моддаларида педагогларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқлари бўйича белгиланган жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар.

Қонуннинг 4 моддасига кўра умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади. Мураббийликни амалга оширганлиги учун педагогнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланиши мумкин.

Иш берувчи педагогнинг ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга, педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис бахолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек, унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш ва бошқа бир қатор мажбуриятларни юклаш тақиқланади.

Давлат умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар билан бепул таъминланади.

Қонунда педагогнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, педагогик этика қоидалари ҳамда педагогларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, ижтимоий химоя килиш борасидаги қоидалар ўз ифодасини топган.

Шунингдек, тадбирда шаҳар умумий ўрта таълим мактаблари педагогларининг 2024-йил март-апрел ойларида ташкил этилаётган аттестaция жараёнларига тайёргарлик кўриш бўйича апробaция жараёнлари натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Авлоний бобомиз айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир!”. Шундай экан, бугунги кунда педагогларга қаратилаётган эътибор, хусусан, шаҳримиздаги таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда фарзандларимизни ватанпарвар, замонавий билим эгалари бўлиб вояга етказиш ўқитувчи-педагогларимиз олдидаги муҳим вазифа бўлиб қолади.

Албатта, педагогнинг мақомини белгилайдиган ушбу қонун бу борадаги ишларни амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM