24 МИЛЛИОН СЎМЛИК АЛИМЕНТ ҚАРЗДОРЛИГИ УНДИРИЛДИ

Аввал хабар берганимиздек, бугун шаҳримиздаги 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида шаҳар прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги, суд, мажбурий ижро, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида сайёр қабул ўтказилди.  

Алимент тўлаш мажбуриятига эга бўлган қарздорларни бандлигини таъминлаш, алиментдан бўлган қарздорликларини ундириш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида ташкил қилинган қабулда 110 нафар ундирувчи ва қарздор фуқаролар иштирок этди.

Қабул аввалида сўз олган шаҳар прокурори И.Нуриддинов, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Ш.Кучкаровалар бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳақида сўз юритдилар.

Қабул давомида олиб борилган профилактик суҳбат давомида 7 нафар оилаларни ярашишига эришилди. Шу боисдан уларнинг алимент ундириш билан боғлик ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддаси 1-бандига асосан ижро қилмасдан ўзларига қайтариш тўғрисидаги аризалари қабул қилинди.

Шунингдек, қабулда ишсиз қарздорлар таклиф қилинган бўш иш ўринлари билан танишдилар ва  уларнинг 15 нафари иш билан таъминланди. Бундан ташқари 24 нафар қарздорлардан жами 24 млн. 200 минг сўм пул маблағлари жойида ундирилиб ундирувчиларнинг пластик карталарига ўтказиб берилди.

10 нафар ундирувчиларнинг мурожаатлари бўйича масъул ходимларга белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш учун тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг ҳам тўғри хулоса чиқармаган 3 нафар қарздор билан профилактик суҳбат ўтказилди. Уларнинг бир нафари қарздорлигини тўлиқ тўлади ва таклиф қилинган ишни рад этган икки нафар қарздорга  алимент пулларни тўлашдан бош тортганлиги учун ЖКнинг 122-моддасига асосан жиноят иши қўзғатиш чораларини кўриш юзасидан шаҳар прокурори томонидан масъул ходимларга  топшириқлар берилди.

Бугунги қабул давомида алимент қарздорлигини ундиришга қийналган кўплаб фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM