ФАОЛ ДЕПУТАТЛАРГА “МАҚОМ” БЕРИЛДИ

Шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг ўттиз иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни кенгаш раиси, шаҳар ҳокими М.Хашимов бошқарди. Унда прокуратура, ИИБ, Суд идораси, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, фуқаролар йиғинлари раислари, сектор раҳбарлари ва бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этди.

Дастлаб сессияда ўтган 2018 йил мобайнида шаҳримизда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Бу борадаги фаолият юзасидан шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Ш.Джумаевнинг ахбороти тингланди. Сўнг шаҳар ички ишлар бўлимининг “2018 йилда шаҳарда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш борасидаги фаолияти” юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Шунингдек, сессия давомида 2018 йилда “Обод маҳалла” давлат дастурининг ижроси юзасидан қилинган ишлар, Каттақўрғон туманлараро фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда ўтган йилда амалга оширилган ишлар, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши  доимий комиссияларининг 2018 йилдаги фаолиятлари, шаҳарда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш, атроф-муҳитни ифлосланишини олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ва кун тартибидаги бошқа масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шу билан бир қаторда ушбу сессия ишида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш юзасидан қарор бир овоздан тасдиқланди. Унга кўра самарали ва сидқидилдан ишлаётган, ўз фаолиятида алоҳида натижаларга эришган, фаол шаҳар Кенгаши депутатлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ҳамда шаҳар Кенгаши депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиясининг хулосаларига кўра депутатлар Петрова Наталья Николаевнага “Адолатли депутат”, Шодиева Ҳамратош Нормуродовнага “Халқпарвар депутат” ҳамда Ҳамидов Тохир Абдурахмановичга “Меҳнаткаш депутат” мақоми берилди.

Шунинг билан Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг ўттиз иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM