ОИЛАНИ АСРАНГ, У МУҚАДДАС ҚЎРҒОН!

Наргиза ва Бегзоднинг (исми шарифи ўзгартирилган) турмуш қурганига салкам икки йил бўляпти. Оиладаги арзимаган жанжалларни ҳисобга олмаганда улар бинойидик яшаб келарди. Лекин, аммаю – холаларнинг Наргизага ҳадеб оилангда эрингни, қайнона-қайнотангни ҳадеб айтганини қилиб бошингга чиқарма, ўзингни гапингни ўтказишниям ўрган, -дея насиҳат қилишлари аста-секин ушбу оиланинг тинчлигига рахна сола бошлади. Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар кучайиб бориши, кунора бўладиган оилавий жанжаллар туфайли вазият ажримгача бориб етди.

Қарангки учинчи шахслар, яқинларнинг бемани маслаҳатлари тинчгина яшаб келаётган бир оилани бузилишига олиб келди. Ушбу воқеа қаҳрамонлари бугун сиз ва биз билан ҳамнафасликда яшаётган ҳамшаҳарларимиз. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Афсуски, бугун айрим қариндошларни ёшларнинг ҳаётига аралишишлари оилалар ажрими сонининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим, оналарни тўл қилмасликка жиддий эътибор қаратиляпти. Маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар сони кескин камаймаяпти. 

-Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилишига кўпинча ўйламай турмуш қуриш, тўйдан олдин иккала оиланинг бир бирига мослигини яхши ўрганмаслик, шу қўрғоннинг устуни бўлган эркакларнинг ичкиликка берилиб кетаётганлиги, рўзғорнинг кам-кўстини тўғрилаш масъулияти ва падарлик бурчини унутиб қўяётганлиги, ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, яқин қариндошларнинг аралашуви, энг ёмони оилада эр-хотиннинг оилавий ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмасликлари сабаб бўлмоқда,- дейди шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова. Эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида динимизда, Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам батафсил айтилган. Эр ва хотиннинг ҳақларини баён қилганлар. Яъни, эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши, эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши, эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши, эр хотинини уй-жой билан таъминлаши, эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини таъминлаши. Худди шунингдек, аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши, эрига итоаткор бўлиши, гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим.

Айнан оилаларни яраштириш жараёнида бунинг гувоҳи бўляпмиз. Яқинда шаҳримизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилувчи "Оиланинг намунавий низоми" лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бугун аҳоли ўртасида муҳокамаси кетмоқда. Ушбу низомда оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фарзанд тарбияси, никоҳ ҳақидаги тавсиялар халқчил тарзда баён қилинган. Афсуски, ажрим муҳокамаларида айрим ёши катта онахон ва отахонларни, қариндошларни оилани мустаҳкамлаш борасидаги етарли билим ва кўникмаларга эга эмасликларини кўриб дилингиз хира бўлади. Ёшлар яшаймиз дейишса, оиланинг катталари бунга қаршилик қилишади. Энг ёмони ҳеч ким оиладаги норасида фарзандларнинг тақдири билан қизиқмаслиги. Зеро, оиланинг бузилиши фарзандларнинг келгусидаги ҳаётига жиддий таъсир кўрсатади. Кўнгли ярим бўлиб вояга етган болаларда меҳр, муҳаббат каби туйғулар тўлиқ шаклланмайди. Оилада ота ва онадан етарлича меҳр ва эътибор олмаган ёшлар атроф-муҳитга, бегоналарга талпинади. Ёшлар ўрасидаги кўплаб ҳуқуқбузарликлар ҳам шунинг оқибатида юзага келади.    

Ҳар бир оилавий ажримга жамиятнинг катта фожиаси сифатида қараладиган фурсат етиб келди. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси бунга маъсулият билан ёндашиши лозим. Зеро, оила муқаддас қўрғон.

Дарҳақиқат, ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Яъни, оила маънавий жиҳатдан бутун бўлсагина, мустаҳкам бўлади. Мустаҳкам оилалардан ташкил топган мамлакат эса, албатта, қудратли бўлади.

Ҳар қандай шароитда ҳам оилани сақлаб қолиш имконини излаш лозим. Фарзандларимизнинг бахтиёр ўсишлари, жамият аъзоларининг фаровонликда, бахтли ҳаёт кечиришлари, болаларнинг ота-она меҳрига зор бўлмаслиги учун ҳам инсон дунёга келадиган муқаддас маскан оилаларни асраб қолиш лозим.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM