ШАҲАР ДРАМА ТЕАТРИДА ВАТАННИНГ МАРД ВА ЖАСУР ЎҒЛОНЛАРИ БАЙРАМИ НИШОНЛАНДИ

Бугун Каттақўрғон шаҳар Драма театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир кўтаринки руҳда ўтказилди. 

Унда Каттақўрғон шаҳар ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги вакиллари, сектор раҳбарлари, ҳарбий қисм офицерлари, сержант ва аскарлари, фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 

Тадбирда Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова тадбир иштирокчиларини Ватан ҳимоячилари куни байрами билан қизғин қутлар экан, сўнгги йилларда Қуролли кучлар тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва бунинг натижасида халқимизнинг ҳақиқий таянчига айланган миллий армиямизнинг қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бораётганлиги, мудофаа ва Қуролли кучларни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилиши Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек Каттақўрғон туман ҳокими Жамшид Насриддинов ҳам сўзга чиқиб иштирокчиларни байрам билан табриклади.

Тадбирда тинчлигимиз ва фаровон ҳаётимизни, хавфсизлигимизни таъминлаётган шаҳар ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг шарафли ва машаққатли хизматлари муносиб эътироф этилди.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳамда Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этган харбий хизматчиларга Мудофаа вазирининг тегишли буйруғи, Артиллерия қўмондонининг ҳамда Марказий ҳарбий округи қўмондонининг ва ҳарбий қисм командирининг тегишли буйруғларига асосан қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалар топширилди.

Яна бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан навбатдаги ҳарбий унвонлар олдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳарбий қисм ўқув моддий техник базасини ривожлантириш мақсадида компьютер, ноутбук, принтер ва шу каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Тақдирлаш маросимидан сўнг ҳарбий хизматчилар ҳамда театр актёрлари томонидан турли саҳна кўринишлари, Ватанни мадҳ этувчи куй қўшиқлар, Фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари, қўл жанги санъати чиқишлари намойиш этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM