Қизларга эътибор-келажакка эътибор!

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятда ўз ўринларини топишга кўмаклашиш муҳим масала сифатида қаралади. Зеро, хотин-қизларнинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялаш, муносиб фарзандларни камол топтиришдаги роли жуда катта.

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг шаҳримиздаги фаол ўқувчи-қизлар билан ўтказган давра суҳбати давомида ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонлигини олдини олиш, гендер тенглигини таъминлашга қаратилган ушбу тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими, бугун юртимизда қизлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирар экан, қизларнинг бу каби имкониятлардан унумли фойдаланишлари ва келжакда яхши билим, яхши касб эгаси бўлишлари учун ҳаракат қилишлари лозим, деди.

-Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар жабҳада фаолликлари, кўплаб раҳбарлик лавозимларида ишлаётганликлари бу борада яратилган шарт-шароитларнинг амалдаги натижасидир. Шаҳримиздаги ҳар бир қиз келгусида мана шундай фаолликка интилиши ва жамиятнинг фаол аъзосига айланиши лозим. Бунинг учун барча имкониятлар яратилган. Фақат орзу ва мақсадаларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш керак ва олдинга қараб интилиш керак, -дея таъкидлади.

Тадбир давомида умумтаълим мактаб ўқувчи-қизлари ўртасида информатика фанидан “Вилоят ҳокими мукофоти учун” ўтказилган фан олимпиадасининг Каттақўрғон шаҳар босқичида фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчи-қизларга шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ўқувчи-қизлар номидан сўзга чиққан қизлар бугунги тадбирдан олган таъсуротлари ҳақида жўшиб гапирдилар ва келгусида билимлари  билан жамиятда ўз ўринларини топишларини ва  шаҳримиз ривожига муносиб ҳисса қўшишларини билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM