КАТТАҚЎРҒОНЛИК УЧ АВЛОД ВАКИЛЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ САМИМИЙ БЎЛДИ

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик азалдан юксак қадрият ҳиобланган. Зеро, жамият тараққиёти, юртимиз ривожи, энг асосийси ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялашда, оилалар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашда нуроний отахон ва онахонларнинг алоҳида ўрни бор.

Шу мақсадда кекса авлод вакиллари билан турли тадбирлар, уч авлод вакиллари учрашувларининг ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас.

Бугун каттақўрғонлик уч авлод вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда ҳам халқимизга хос бўлган ушбу азалий қадриятлар эътироф этилди.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова юртимизда тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод” учрашувларини ўтказиш анъанага айланиб бораётганлиги хусусида сўз юритди ҳамда бу каби тадбирлар Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Бир нуроний 10 нафар ёшга мураббий” тамойили, шунингдек, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан нуронийлар бугун мана шундай тадбирларнинг ўтказилиши кекса авлод вакилларига берилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги исботи эканлигини ва бу тадбирлар уларга келгусида янада куч ва шижоат бағишлашини, бунга жавобан албатта, ўзларининг ҳаётий тажрибаларини ишга солиб юрт тараққиёти жамият ривожига ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшишларини билдирдилар.

Тадбир давомида ёш авлод вакилларининг, яъни шаҳримиздаги бир қатор спортчи ёшларнинг ютуқлари ҳам эътироф этилди. Ушбу ёшлар бугун нафақат республика балки, халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб, шаҳримиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар.

Ёшларнинг спортдаги бу каби ютуқлари каттақўрғонлик учун фахр эканлигини таъкидлаган шаҳар ҳокими ўринбосари Жамшид Носиров уларнинг келгусидаги ютуқ ва муваффаққиятлари янада кўп бўлишини тилади.

Бир пиёла чой устида бўлиб ўтган тадбирга шаҳар Драма театри ва маданият бўлимининг санъаткорлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ўзгача шукуҳ бағишлади.

Нуронийлар тадбир сўнггида юртимиз тинчлиги ва осойишталигини тилаб дуога қўл очдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM