ОИЛА НИЗОМСИЗ БЎЛСА, УНИНГ ЁМОН ОҚИБАТИ БУТУН МИЛЛАТГА ТАЪСИР ҚИЛАДИ

Халқимизда азалдан оилага муқаддас бир даргоҳ сифатида қаралган. Шарқда оила кичик бир Ватан тимсолида эъзозланган. Миллат келажаги бўлмиш ёш авлоднинг, буюк даҳолару мутафаккирлар, йирик давлат арбобларининг ҳам айнан Оилада камол топиши, тарбияланиши ҳам Оила муқаддаслигининг исботидир. 

Фарзандларни маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етишлари эса, энг аввало, оиладаги тарбияга боғлиқ. Мутафаккирларимиз таъкидлаганидек, борди-ю оила тузук бўлмаса, тарбияга эътибор берилмаса, қанча буюк бўлса ҳам, бундай миллат дунёда узоқ яшай олмайди. Зеро ота-онанинг бурчи фақат фарзандни дунёга келтирганлиги билан эмас, балки яхши фарзанд тарбиялагани билан ҳам белгиланади.

Агар оилада мўайян тартиб-қоида бўлмаса ёки унга амал қилинмаса оилавий муносабатларнинг дарз кетиши шубҳасиз. Оилалардаги мувозанатнинг бузилиши нафақат оилани барбод бўлишига, балки жамиятнинг ҳам таназзулга юз тутишига сабаб бўлиши мумкин.

Бугун шаҳар ҳокими ташаббуси билан ишлаб чиқилган Каттақўрғон тажрибаси сифатида оилалардаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этадиган тавсиялар ўрин олган Оиланинг намунавий низоми лойиҳаси муҳокамасида бу борадаги фикр ва мулоҳазалар илгари сурилди.

Самарқанд Давлат университети Каттақўрғон филиалида ўтказилган давра суҳбатида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, шаҳар фаоллари,  университет ўқитувчилари иштирок этдилар.

Дастлаб, сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова оиланинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритди. Ҳар бир оилада тартиб ва интизом бўлиши ва оила аъзолари аъзоси ўз бурчи ва мажбуриятларини чуқур ҳис қилиши ва унга амал қилиши лозим. Зеро, донишмандларимиз ҳам бу борада “Миллатлар шарафини юқори мартабага кўтарадиган нарса миллионлар ила саналадиган аскарлар-у, дунёда энг буюк ва зўр бўлган кемалар эмас, балки энг оз эътибор берадиганимиз ё бўлмаса, ҳеч бир замон эътибор бермасдан қолдирганимиз-оиладир.

Оила низомсиз бўлса, унинг ёмон оқибати бутун миллатга таъсир этади ва шу сабабдан фазилат ерига разолат, тараққиёт ўрнига тубанлик негиз қуради... Агар бир миллатга бундай ҳол рўбару келса, у миллат китобининг сўнгги варағи очилади...”, -дея таъкидлаганлар. Ушбу фикрлар мени доим ўйлантириб келган. Ҳақиқатдан ҳам бугун айрим оилалардаги ўзаро келишмовчиликлар, оқибатида эса ажримлар айнан эр ва хотиннинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билмаслиги ёки унга амал қилмаслиги, айрим оила бошлиқларини масулиятни ҳис қилмаслиги, оилага бошқа шахслар аралашуви, оилада орият деган тушунчага эътиборсизлик, оиланинг зийнати бўлган аёлларнинг тарбия борасида хатоликларга йўл қўяётгани каби бир қатор иллатлар сабаб бўлаётгани сир эмас. Халқимизда ёшларни турмуш қуришидан олдин оилалар бир-бирига мослигини ўрганиш, сўраб суриштириш лозим- деб бекорга айтилмаганку. 

Халқимиз донишмандларининг юқоридаги фикрларидан келиб чиқиб, ҳар бир оилада оилаларни мустаҳкамловчи, оилада эрнинг, оталарнинг ўрнини билдирувчи, аёлнинг рафиқалик, оналик, қайноналик масъулиятини ҳис қилдириб турадиган, фарзандларнинг бурч ва мажбуриятлари акс этган тавсиялардан иборат бўлган Оиланинг намунавий низоми бўлиши керак, - дея таъкидлади шаҳар ҳокими.

Оиланинг намунавий низоми лойиҳаси бўйича иштирокчилар ўз фикр- мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг Оиланинг намунавий низомида оилани мустаҳкамлигини таъминлашда эркак ва аёлнинг ўрни ва масъулияти, оила қуришнинг асосий шартлари, ота-онанинг фарзанд олдидаги ҳамда фарзанднинг ота-она олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва бошқа бир қатор тавсиялар ўрин олган. Қизғин ўтган давра суҳбати якунидаги муҳокамада ушбу низомнинг содда ва халқчил тарзда бўлиши ҳақида ва бошқа бир қатор таклифлар билдирилди.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган Оиланинг намунавий низоми лойиҳаси шаҳримиздаги ибратли оилалар, узоқ йиллик ҳаётий тажрибага эга бўлган онахон, отахонлар эътиборига ҳавола этилади ва уларнинг оиланинг намунавий низоми лойиҳаси борасидаги таклифлари олинади. 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM