Ингичкаликлар учун имконият:вольфрам концентратидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади

Ингичка шаҳарчасида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларнинг амалдаги натижаси сифатида яқинда Ингичка бойитиш фабрикаси иш бошлади. Объектнинг очилишида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, ОКМК акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар Ингичка бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши ингичкаликлар учун катта имконият бўлганлигини, унинг шаҳарчадаги аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш, ҳудудни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 198-F Фармойиши ва 2022 йил 25 августдаги 473-сонли “2022-2026 йилларда “Олмалиқ КМК” АЖнинг “Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг ривожлантириш дастури тўғрисидаги” қарорига кўра йўлга қўйилган ушбу корхонада Ингичка конининг қолдиқларидан йилига 150 тонна қувватга эга вольфрам концентратини 35% WО3 билан бойитиш режалаштирилган. Кейинчалик, “Ингичка” конининг қолдиқлари ишлаб чиқаришга тўлиқ жалб қилинганда йилига 100 тонна вольфрам металли олинади.  

Тадбир иштирокчилари корхонадаги иш жараёни билан танишдилар.

Ингичка конидаги мавжуд 19 771 тонна миқдордаги вольфрам таркибли чиқиндилар таркибидан ойига 9-10 тоннагача вольфрам концентратини олиш мумкин. Чиқиндиларни қайта ишлаш, вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ҳам эришилади. Бу эса йилига комбинатга 2,0 млн доллар фойда келтиради.

Технология жорий этилиши натижасида 2023 йил биринчи босқичда 5,7 млрд сўмлик 100 тонна ва 2024 йилда 13,7 млрд сўмлик 285 тонна (ўртача 28 фоизлик WO3) вольфрам концентрати олинади. Шу билан бирга, 2023 йилда қўшимча экспортбоп умумий қиймати 1,8 млн доллар 27,0 тонна вольфрам штабиклари ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 млрд сўмлик 36,0 тонна қаттиқ қотишмалар, асбоблар (кескич, парма) ишлаб чиқарилади.

Корхонада шунингдек, ходимларнинг иш фаолиятларини самарали амалга оширишлари учун ҳам барча қулайликлар яратилган.

Ушбу объектнинг ишга туширилиши биринчи босқичда 82 та ва иккинчи босқичда эса 200 та иш ўринлари яратиш орқали ҳудудни ривожлантириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

Ингичкалик нуронийлар ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши Ингичка аҳолиси учун катта имконият бўлганлигини таъкидладилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM