Мукаммал таъмирдан чиққан мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди

Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги Вазирлар Маҳкамасининг 580 сонли қарорига кўра шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу қарорга кўра шу инвестиция дастури доирасида белгиланган мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ишга туширилди.

 Бугун шаҳардаги яна бир таълим муассасаси дастур асосида мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу тадбирда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, соҳа вакиллари иштирок этдилар.

5 мактабгача таълим ташкилоти жамоасини таълим даргоҳининг иш бошлаши билан муборакбод этган шаҳар ҳокими, бу каби ишлар юртимизда таълимга, хусусан мактабгача таълимга берилаётган эътибор, қолаверса, шаҳримизда бу борада олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг амалдаги натижаси эканлигини таъкидлади.

Тадбирда муассасадаги таъмирлаш ишларини амалга оширган “Дилшода обод қўрғон” МЧЖ қурилиш ташкилоти вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.  

Шундан сўнг очилиш ленталари кесилиб, тадбир иштирокчилари муассасада болажонларни таълим- тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

5 млрд. 100 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган ушбу муассаса 330 ўринга мўлжалланган. 40 дан ортиқ педагог ходимлар фаолият юритади.

Таъмирлаш ишлари давомида муассасада алоҳида ошхона, спорт зали барпо этилди.

Шунингдек, эски болалар ўйингоҳи ўрнида янги ўйингоҳ қурилди.

Замон талаблари даражасида барпо этилган ва жиҳозланган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати. 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM