КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ АЛИМОВА ГАВҲАР ЗАЙИРОВНАНИНГ 21 ОКТЯБРЬ - ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум азиз каттақўрғонликлар!

Бугун 21 октябрь - Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кун.

Сиз азизларни ушбу қутлуғ сана, яъни, миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз ва ўзлигимизни дунёга танитадиган, миллатимиз фахри ва ғурури бўлган она тилимиз, яъни ўзбек тили байрамининг 33 йиллиги билан муборакбод этаман.

Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек, тил – миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир.Ушбу буюк неъматни ҳар бир миллат қанчалик эъзозласа, қадрласа, унинг тараққиёти учун жон куйдирса, тил янада гўзал ва бетакрор бўлиб қолаверади! Зеро, унда халқ тарихи, миллий қадриятлари, маданияти мужассамдир.

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши ҳам халқимиз ҳаётидаги буюк тарихий воқеа ва Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди. Давлатимиз мустақиллигининг эълон қилиниши билан эса она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрнига эга бўлди.

Албатта, ўтган йиллар мобайнида она тилимизга миллий меросимизнинг асосларидан бири сифатида катта эътибор қаратилиб, унинг софлигини сақлаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш ва мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этилишини таъминлаш мақсадида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги арафасида, яъни 2019 йил 21 октябрда Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.  

Ушбу Фармондан келиб чиқиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассаса ҳамда бошқа ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, ўзбек тилини ривожлантиришни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи (масъул ходим) лавозими жорий этилди.

Давлат тилини ривожлантириш, унинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган ишларнинг давоми сифатида Президентимиз 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Қонунга мувофиқ 21 октябрь мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Ушбу байрамнинг юртимизда кенг нишонланиши она тилимизнинг нақадар бойлигини кўрсатиб бера олиши билан бирга унга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар биримиз тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Миллатимиз ғурури, ифтихори бўлган, ноёб хазина – она тилимизни асраш барчамизнинг бурчимиздир.

Азизлар!

Сизларни яна бир бор Ўзбек тили байрами билан самимий табриклайман.

Барчангизга соғлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу -барака тилайман.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM