ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯНИНГ АСОСИ, ПОЙДЕВОРИ БУ – МАКТАБ

 Дунё  иморатлари  ичида энг  улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида  энг шарафлиси ўқитувчилик ва  мураббийликдир. Дарҳақиқат, устоз деган биргина сўз  замирида олам-олам маъно ва ҳурмат мужассам. Устоз- жамиятни олға бошловчи, унинг эртанги кунини таъминловчи йўлчи юлдуздир.Ҳеч бир жамият устозсиз камолот чўққисига  етмаган. Ўқитувчилар  энг софдил, камтарин, маънавий бой , ахлоқан бой инсонлардир. Чунки устозлар бир умр қалб қўрини, билим ва зеҳнини, ақл-заковатини шогирдлари учун   бахшида   этган заҳматкашлардир.Уларнинг зиммасида бутун бир миллатнинг тақдири турибди.Улар мурғак қалбларга эзгулик уруғларини сочиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Ўқитувчилар-миллат ёшларини ўзининг қалбидаги илм зиёси билан озиқлантирган  буюк инсонлардир. Ўқитувчини биз боғбонга қиёслаймиз. У тарбиялаб, ўстирган ниҳолларнинг ҳосилидан қанчадан –қанча ёш авлод баҳраманд бўлади. Қўлга  киритаётган ҳар бир ғалабамизда уларнинг ҳиссаси катта.  Шунинг учун ҳам уларни доимо шарафлаймиз, эъзозлаймиз. Қалбимизда доимо устозларга нисбатан миннатдорлик туйғуси яшайди.Мен узоқ йиллардан буён ўқитувчи, раҳбар ҳамда  депутат сифатида фаолият юритиб келяпман. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўқитувчиларга алоҳида  эътибор қаратилаётгани бошқалар сингари мени ҳам қувонтириб, қалбимга олам-олам қувонч бағишлаяпти. Биз учун жуда кўп имкониятлар яратиляпти. Энг қувонарлиси шундаки, бугунги кун ўқитувчиси  мажбурий  меҳнатдан озод қилинди.  Энди ўқитувчилар учун пахта даласи бир афсонага айланди. Ойлик маошлар кўтарилди. Бунинг натижасида  эркак ўқитувчилар сафи кенгайди. Таълим тизимига оид давлат ҳужжатлари имзоланди.  Сўнгги йилларда ўқитувчилар учун имтиёзли кредитлар  тақдим  этилди. Энди  улар имтиёз асосида уй-жой, машина олиши мумкин.   Бунга жавобан тинимсиз меҳнат қилиб, ёш авлодга пухта билим беришимиз даркор.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан ўқитувчи меҳнатининг улуғланишини ўтган йили мактабимизнинг физика фани ўқитувчиси С.Имомованинг Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси унвонини олганлигида, мазкур ўқитувчининг тажрибасини республика бўйича оммалаштирилишини айтиб ўтганликларини кўриб, барчамиз тўлқинланиб кетдик.

Президентимиз томонидан “Педагоглар мақомини ошириш, педагог  ходимларнинг касбий  фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қўймаслик”ни Конституция даражасида белгилаб қўйиш керак деган муҳим таклиф берилди.

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар  натижасида ҳар бир соҳа вакилига   алоҳида  эътибор қаратиляпти.  Жумладан, ўқитувчиларни  эъзозлаш, уларнинг қадри ва ўрнига мос  эҳтиром кўрсатиш бўйича таклифлар ўрганилмоқда. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда бундай қонун йўқ. Бу дунё миқёсида мисли кўрилмаган янгиликдир. Жамиятни инсон, инсонни  эса таълим ўзгартиради. Таълимнинг марказида  эса ўқитувчи туради.      Биз ўқитувчилар, таълим фидойилари ўқитувчининг қадр-қиммати эъзозланган давлатда яшаётганимиздан , устозга бўлган юксак  эҳтиромдан жуда ҳам хурсандмиз.

Келажак тарбияланаётган устахона бўлган мактабда келажак бунёдкорларини  тарбиялаш биз учун фахрдир.

Озода Салимова

11- ИДУМ директори, шаҳар Кенгаши депутати  
2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM