Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос тизими:Жойларда бу борадаги ишлар қандай кетмоқда?

Кейинги йилларда мамлакатимизда аёл-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланди.

Бугун жойларда ушбу вазифалар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тизимли ишлар қандай кетмоқда? Бу борадаги меъёрий ҳужжатларнинг ижроси қандай таъминланмоқда?

Куни кеча шаҳримизда бўлган республика хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Н.Эгамбердиева каттақўрғонлик хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Қўмита ҳамда вилоят оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, шаҳар оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари дастлаб шаҳар драма театрдаги “Аёл оила ва жамият устуни ” деб номлнган тадбирда қатнашдилар.

Тадбирда сўз олган Н.Эгамбердиева бугун хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар айниқса ҳаётда қийналган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёллар учун имкониятлар бераётгани, бу имкониятлар уларни бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳаётдан мамнунлик, шукроналик ҳиссини шакллантиришга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

Тадбир давомида шаҳримиздаги 3-босқич “Аёллар дафтари” 1- тоифасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг  100  нафарига тикув машиналари берилди.

Шаҳримизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни амалга оширишда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг фаолиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирда ана шундай фаолияти билан намуна бўлаётган хотин-қизлар фаолларига, энг яхши оила бекаси, тадбиркор аёлларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шундан сўнг қўмита ва бошқарма вакиллари “Қўшҳовуз” маҳалласи хотин-қизлар фаолининг иш фаолиятини ўргандилар. Ўрганиш давомида қўмита раиси ўринбосари аёллар баланси бўйича ҳужжатларни юритиш, бу борада амалга оширилиши белгиланган ишлар бўйича кўрсатмаларини, фикрларини билдирди.

Қўмита раиси ўринбосари Н.Эгамбердиева шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлш бўлими бошлиғи Ш.Кучкарова билан суҳбат давомида каттақўрғонлик хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, бу борадаги қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш юзасидан зарурий тавсияларни бериб ўтди.

Шу куни қўмита вакили Каттақўрғон туманидаги реабилитация марказида ҳам бўлди ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати . 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM