ХОТИН - ҚИЗЛАР ФАОЛЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ НИМАДАН ИБОРАТ?

Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, бу борадаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида тизимга янгича ёндашган ҳолда маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллари лавозими жорий этилди. Хўш, улар қандай фаолият юритади, вазифалари нималардан иборат?

Куни кеча шаҳар Драма театрида ўтказилган семинар ана шу масалага бағишланди. “Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг иш фаолиятини такомиллаштириш” мавзусидаги семинарга Каттақўрғон шаҳри ҳамда Каттақўрғон ва Нарпай туманларининг оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари таклиф этилдилар.

Семинарда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этди ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритди.

- Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозимининг таъсис этилгани бу борадаги ишларнинг амалий натижаси бўлди.

Ишонаманки, бугун бу ерда йиғилган хотин-қизлар фаоллари ташаббусни қўлга олиб, зиммаларидаги масъулиятни дилдан ҳис қилган ҳолда ишлайдилар ва ҳар бирлари ортидан минглаб хотин-қизларни эргаштира олади,- деди шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шундан сўнг семинарнинг асосий қисми бошланди. Хотин-қизлар фаолларига фаолиятларини ташкиллаштириш борасида, шунингдек, уларнинг асосий вазифалари нималардан иборат эканлиги юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Семинар давомида иштирокчилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, “Аёллар дафтари”ни юритиш, сўровномалар тўлдириш ҳақида ҳам маълумотларга  эга бўлдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM