ЁШЛИКДА ОЛГАН БИЛИМ ТОШГА ЎЙИЛГАН НАҚШ КАБИДИР!

Мактабгача таълим бола камолотидаги муҳим давр ҳисобланади. Зеро, бежизга халқимизда ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир,  деб айтилмаган. Шу боисдан ҳам бугун мактабгача таълимга эътибор катта.

Шаҳримиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ҳам болажонларнинг муносиб, таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Куни кеча 19 мактабгача таълим ташкилотида бўлган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова муассасадаги шарт-шароитлар билан танишди.

Муассасада 320 нафар тарбияланувчи бор. 24 нафар педагоглар фаолият юритади. Жами 14 та гуруҳ бўлиб, шундан 2 таси мактабгача бир йиллик тайёрлов гуруҳи. Болалар учун шунингдек, боғчада инглиз тили, каратэ, ментал арифметикаси ва рақс тўгараклари ташкил қилинган.

-Бугун боғчамизда нафақат шарт-шароитларни яратишга, балки таълим-тарбия сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Педагогларни ўз устларида ишлашлари талаб қилинади. Мактабгача таълим бўлими томонидан уларнинг малакасини ошириш бўйича семинарлар, ўқув машғулотлари ташкил қилинади. Педагогларнинг етарли малака ва кўникмага эга бўлишлари жуда муҳим, бу бугунги куннинг талаби,- дейди муассаса раҳбари Г.Салоева.

Шаҳар ҳокими муассасадаги шароитлар билан танишиш давомида болажонларни саволга тутди.  Муассаса тарбияланувчилари ёд олган шеър ва қўшиқлари билан лол қолдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM