ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ БЎЛИШ ФАХР:КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИНИНГ ТАШАББУСИ

Бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан 2022 йил 1 январдан ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди. 

Ушбу вазифага раҳбар ходимлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг раҳбар ходимлари ҳам тайинланиши кўзда тутилган. Айни дамда шаҳримизда ҳам ушбу лавозимда турли соҳалардаги раҳбарлар, истиқболли кадрлар фаолият бошлади. 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигида 9 йил давомида ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаган, ҳозирга қадар шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида ишлаб келган Феруза Рахимова ҳам ўз ташаббуси билан “Ермачит” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлади. Унинг узоқ йиллик тажрибаси, қолаверса маҳалла тизимидаги фаолияти келгусида ушбу маҳаллани ижтимоий - иқтисодий ривожлантириш, маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизлар бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш каби ҳоким ёрдамчиси вазифасини бажаришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Бугун интернет тармоқларида тарқалган Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган Феруза Рахимованинг ишдан кетганлиги тўғрисидаги маълумотларга келадиган бўлсак, ҳоким ўринбосари Феруза Рахимова ўз ташаббуси билан ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтишни сўраб шаҳар ҳокимига мурожаат қилган.

Ф. Рахимова ҳокимликнинг резерв кадрлар захирасига олинган бўлиб, меҳнат шартномаси ниҳоясига етгач яна ҳокимлик тизимида фаолиятини давом эттириши мумкин.

-Мен  маҳаллада “ҳоким ёрдамчиси” сифатида “хонадонбай” ишлаш бўйича янги тизим устида ишлаяпман, албатта, катта натижага эришиш ниятидаман, ҳоким ёрдамчиси бўлиш, шарафдир,- дейди Феруза Рахимова.

Бугун давлатимизда олиб борилаётган маҳалла тизимидаги ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда ташаббускорликни қўлга олган Феруза Рахимованинг иш тажрибасига катта ишонч билдирамиз  ва унинг келгусидаги аҳолини муносиб яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги фаолиятига муваффақият тилаймиз.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM