“ДОНИЁРБЕК” ТАДБИРЛАР МАСКАНИДА БАЙРАМ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Куни кеча шаҳримиздаги “Дониёрбек” тадбирлар маскани Конституция байрами арафасида ҳамшаҳарларимиз билан гавжум бўлди. Байрам муносабати билан дастурхон ёзилди.

Тадбирга шаҳримиздаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи ҳамшаҳарларимиз, имконияти чекланган фуқаролар таклиф этилдилар.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мамлакатимизда имконияти чекланган юртдошларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, берилаётган эътибор,  жамият тинчлиги ва хавфсизлиги, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати бўлган Конституциянинг  ўрни ва аҳамияти, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, конституция ва қонунларга риоя этилиши, ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолини кучли ижтимоий ҳимоясига қаратилган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг тадбирга таклиф этилган имконияти чекланган бўлса-да бугун берилган имкониятлардан фойдаланиб ўзини-ўзи банд қилган, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида фойдали меҳнат билан шуғулланаётган ҳамшаҳарларимизга шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Ўз навбатида тадбирда иштирок этган ҳамшаҳарларимиз, жумладан З.Насриддинова кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Тадбир куй ва қўшиқлар остида давом этди. Пойтахтдан ташриф буюрган ҳамда шаҳар маданият бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган қўшиқлар тадбир иштирокчиларини рақсга чорлади ва  тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM