АЗИМ ТОШКЕНТГА САЁҲАТ

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларидан Ўзбекистон кундан-кунга чирой очиб, бўй кўрсатмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда ички ва ташқи туризмга берилаётган эътибор эса юртимиз аҳли ва чет элликларни ўзига чорламоқда.

Шу боисдан ҳам юртимиздаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, азим шаҳарлар-у, сўлим масканлар бугун жуда гавжум.

Яқинда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ички туризмни ривожлантириш, юртимиздаги муқаддас қадамжолар ва азиз-авлиёларни зиёрат қилиш мақсадида азим Тошкент шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Шаҳар хотин-қизлар кенгаши бошчилигида шаҳримиздаги халқ таълими, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, маҳаллаларнинг фаол хотин-қизларидан иборат турли соҳа вакиллари икки кунлик саёҳатни жуда мароқли ўтказдилар.

Саёҳат давомида “Занги ота” зиёратгоҳи, “Ҳасти Имом” масжидида бўлдилар. Турли дам олиш масканларини айланиб маданий ҳордиқ чиқардилар.

Айниқса Ўзбек миллий драма театри ижодий ҳаёти билан танишиш ва намойиш этилган “Иймон” спектакли барчага манзур бўлди.

-Икки кунлик саёҳатдан биз жуда катта маънавий ҳордиқ олдик. Азиз авлиёларнинг зиёратидан, дам олиш масканларидаги, пойтахтдаги кейинги йилларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларидан хурсанд бўлдик. Бугун биз яна бир бор шундай сўлим, бой маъданий-маърифий тарихга эга бўлган жаннатмакон юртда яшаётганимизга шукрона келтирдик. Бунинг учун албатта, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, -дейди шаҳар 2 умумтаълим мактаби раҳбари З.Исанова.

 

Албатта, мана шундай саёҳатлар нафақат туризм салоҳиятини ривожлантиради, балки, фуқароларда ватанпарварлик, юртга садоқат ва фахр ҳиссини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM