Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Бугун Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдаги ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда ҳоким ўринбосарлари, депутатлар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Дастлаб депутатлар Каттақўрғон шаҳар Халқ қабулхонаси, сектор ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ҳамда шаҳар “Халқпарвар” комиссияси томонидан жорий йилнинг июль ойида амалга оширилган ишлар ҳисоботини тингладилар.

Кун тартибига киритилган навбатдаги масалалар бўйича яъни, Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажариш борасида жорий йилнинг январь-июнь ойининг якуни билан амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Б.Сайипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармонининг 2021 йил январь-июль ойларидаги ижроси юзасидан шаҳар ҳокими ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи И.Маматов ҳисобот берди.

Сессияда шунингдек, шаҳарда “Обод маҳалла” дастури доирасида 1-сектор ҳамда 3-сектор ҳудудидаги “Оқ-олтин” ва “Нуробод” маҳаллаларида  “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳамда Суд органлари фаолиятининг 2021 йилнинг 6 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлари юзасидан ахборотлари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Шунингдек, сессияда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда шаҳар тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш ва уларни қайтариш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида банк мутасаддиларининг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг депутатлар Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг 2021 йил II ярим йилликка мўлжалланган иш режасини ҳамда шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақидаги қарорларни тасдиқладилар.

Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM