МУРОЖААТ

Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори Ғанишер Маматқуловнинг Самарқанд вилояти аҳолисига

Ассалому алайкум, ҳурматли самарқандликлар!

Соҳа мутахассисларининг хабар беришича, кейинги кунларда юртимизда, хусусан, Самарқанд вилояти ҳудудида ҳам аномал иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими ҳукм суради.

Иссиқ ҳаво шароитида эса деярли барча хонадонларда салқинлик улашувчи ускуналар, жумладан, кўп миқдорда электр энергиясини талаб қилувчи вентилятор ва кондиционерлар ишга туширилади. Табиийки, бу жойларда электр энергияси истеъмолининг белгиланган графикдан бир неча баробарга ошиб кетиши, тизимда юкламалар ҳосил бўлишига олиб келади.

Албатта, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг мутахассислари томонидан айни ҳолат инобатга олиниб, тармоқда авария ҳолатларининг олдини олиш, аҳолига етказилаётган электр энергиясининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилган. Шунга қарамай, юқори кучланиш ва иссиқ ҳаво шароити сабабли айрим нимстанция ва трансформатор пунктларида носозликлар юзага келиб, уларни бартараф этиш учун кўп куч ва вақт сарфланмоқда. Бу эса фуқароларда ҳам норозилик кайфиятини келтириб чиқариши турган гап. 

Мураккаб вазиятни инобатга олиб, барча электр энергияси истеъмолчиларидан қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишларини сўраб қоламиз:

— Хонадонингиздаги вентилятор, кондиционер ва бошқа шу каби кўп электр энергиясини талаб қилувчи ускуналарни кераксиз вақтда ўчириб қўйинг;
— хонадонингизда ёруғликни тўғри тақсимланг ва электр чироқларидан мақсадсиз фойдаланманг;
— Электр тармоғига кераксиз узатма кабелларни, электр энергиясини тақсимловчи воситаларни уламанг;
— Тунда электр тармоғига иккиламчи ускуналарни уловлиқ қолдирманг. 

Эсингиздан чиқарманг, юқори ҳаво ҳароратида юклама билан ишловчи электр тармоқларида қисқа туташув юзага келиши эҳтимоли ортади. Шу боис, мутахассисларни жалб қилган ҳолда хонадонингизга тортилган электр симларининг яроқлилигини, электр энергиясига уланиш нуқталари тўғри изоляция қилинганлигини текширинг. Бундай жойлар яқинига ёнувчи буюмлар ёки ўзидан иссиқлик чиқарувчи ускуналарни қўйманг. 

Ҳурматли самарқандликлар!

Аномал иссиқ ҳаво шароитига қарамай электр таъминоти корхоналари мутахассислари куну тун меҳнат қилиб, Сиз азизларга электр энергиясини узулишларсиз етказиб бериш чораларини кўришмоқда. Шунга қарамай, айрим жойлардаги электр узатиш тармоғидаги юқори кучланиш сабабли авария ҳолатлари юзага келмоқда. Бундай вазиятга холис муносабат билдирасиз ҳамда шу каби кўнгилсизликларнинг олдини олишда юқоридаги қоидаларга амал қилиш орқали ўз ҳиссангизни қўшасиз, деган умиддамиз.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM