ШАҲАР ҲОКИМИ ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ

Шаҳримиздаги 4-умумий ўрта таълим мактабида 17 февраль куни шаҳар Халқ таълими бўлими, маҳалла вакиллари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. 

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ўқувчиларнинг ота-оналарига мурожаат қилди: Ҳурматли ота-оналар!

Бугун юртимизда ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари ва топшириқлари билан ёшларимизни чуқур билим ва малакага эга бўлган, етук ва баркамол шахс этиб тарбиялашга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу мақсад йўлида таълим тизимининг барча бўғинларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сизнинг жондан азиз ўғил-қизларингиз ҳам ўзининг эзгу орзу-мақсадларига эришиб, жамиятда муносиб ўрин топишига ишончимиз комил. Албатта, бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.

Сизларни жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган соғлом ва билимли фарзандни тарбиялаб камолга етказганингизни тилаб, ўғил-қизларимизнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаши учун маҳаллий ижро органи раҳбари сифатида мен ҳам масъул ва жавобгар эканимни яна бир бор таъкидлайман.

 

Бугунги кунда шаҳримизда бўлаётган катта ўзгаришларга тўхталиб, ана шу эзгу мақсад йўлида барчангизни ҳамкорликка чақираман" дейди шаҳар ҳокими ўз мурожаатида.

2020-2021 ўқув йилида шаҳар ҳокими ташаббуси билан 4-умумтаълим мактабининг биноларини таъмирлаш учун 650 млн. сўм маблағ ажратилгани қувонарли ҳол бўлди. Мактабнинг 1 синф ўқувчилари 15 дона компьютер жамланмаси билан ҳам таъминланди. 

Тадбирлар давомида Президентимиз томонидан илгари сурилган «Беш ташаббус» доирасидаги тўртинчи ташаббус, яъни «Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш» мақсадида «Бир болага уч китоб» акцияси ўтказилди. Акцияга таклиф қилинган кўчма китоб дўконидан ота-оналар фарзандларига қизиқишига қараб турли хил китоблар олиб бердилар.

Шунингдек, ўқувчилар томонидан Бобур Мирзонинг боғи “Боғи Бобурий” номли саҳна кўриниши, Бобур ғазаллари ва рўбоийларини ўзида мужассам этган «Бобурхонлик» кечаси намойиш этилди.

Навоий ва Бобур ғазаллари асосида ижро этилган куй ва қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM