ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВР ТАЛАБИ

Мамлакатимизда аҳоли учун муносиб даромад манбаини яратиш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлашда ҳунармандчиликнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ҳунармандчиликка жалб қилиш тарғиб қилиш орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун қулай даромад манбаини яратилишига асос бўлмоқда. Шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда ушбу масалалар муҳокама қилинди. 

Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси вакили Қамариддин Жўраев, банк мутасаддилари, солиқ идораси вакиллари ва шаҳримиздаги ҳунармандлар иштирок этдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова азалдан ҳунармандчилик шаҳри бўлган Каттақўрғон шаҳрида бугунги кунда ҳам ҳунармандчиликнинг турларини кўпайтириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш борасида сўз юритар экан, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни ҳунармандчиликнинг бирор бир тури билан шуғуллантириш орқали уларни иш билан бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини яратиш мумкинлигини таъкидлади.

Аввал хабар берганимиздек, шаҳримиздаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари томонидан ҳунармандчиликнинг сават тўқиш бўйича ўқув машғулотлари олиб борилиб, яна ҳунармандчиликнинг 15 турдаги йўналишини йўлга қўйиш режалаштирилган эди. Бугун ўқув марказда бу борада ишлар олиб борилмоқда.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ташаббуси билан шаҳримизда хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда Каттақўрғон шаҳрида телпак тикишни йўлга қўйиш мақсадида бош кийимлари тикишга мўлжалланган тикув цехи ҳам йўлга қўйилиб ҳозирда ишсиз хотин-қизлар ушбу ҳунар сирларини ўрганмоқдалар.

Шунингдек, йиғилиш давомида банк мутасаддилари томонидан ҳунармандчилик турлари бўйича бериладиган кредитлар, уларни олиш тартиби бўйича ҳам тушунтиришлар бериб ўтдилар.

Йиғилиш сўнггида иштирокчилар ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича фикрларини билдирдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM