ҲУНАРНИНГ ОЛДИДА ХАСДИР ОЛТИН, ЗАР

Ҳунармандчилик мамлакатимизда азалдан яхши ривожланган. Мустақиллик йилларида қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш йўлида яратилган имкониятлар самарасида ҳунармандчиликка кенг йўл очилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳунарманд чиликнинг харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Яқинда шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш ушбу масалаларга бағишланди. 

Унда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ишсиз хотин-қизлар, ёшларни бирор ҳунарга ўргатиш, шу орқали уларни иш билан банд қилиш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, соҳани ривожлантириш бўйича шаҳримизда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритди.

Йиғилишда иштирок этган республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Қ. Жураев ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчиликнинг аҳамияти, турлари, унинг истиқболли лойиҳаларига тўхталди. 

Шу куни руспубликадан ташриф буюрган уюшма вакиллари томонидан ҳунармандчиликнинг бир тури бўлган сават тўқиш бўйича мастер-класс ўтказилди. 

Шаҳримиздаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида ташкил этилган ушбу машғулотларга хотин-қизлар бир неча турдаги сават тўқиш сир-асрорларини ўргандилар.

Ҳозирда машғулотлар 2 турга бўлинган ҳолда давом этмоқда. Шунингдек, шаҳримизда яна 15 турдаги ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ўқувлар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Албатта, бундан кўзланган мақсад ҳунармандчиликни ривожлантириш билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни иш билан бандлигини таъминлашдир.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM