ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Бугун Каттақўрғон шаҳар Драма театрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маданий-маърифий тадбир кўтарингки рўҳда бўлиб ўтди. 

Унда ҳарбий қисм офицерлари, сержант ва аскарлари, фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳарбий хизматчиларни Ватан ҳимоячилари куни байрами билан қизғин қутлар экан, сўнгги йилларда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз жадал ривожланиб, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бораётганлиги, мудофаа ва қуролли кучларни ислоҳ қилиш борасида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилиши Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ва осуда ҳаёти ҳамда хавфсизлигини таъминлашга, давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Ойбек Ходжаев ҳарбий хизматчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин муборакбод этди.

Тинчлигимиз ва фаровон ҳаётимизни, хавфсизлигимизни таъминлаётган шаҳар ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг шарафли ва машаққатли хизматлари муносиб эътироф этилди. Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳамда ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, сержант ва офицерлар шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳарбий қисмда “5 та муҳим ташаббус” доирасида ташкил қилинган тўгараклар ўқув моддий техник базасини ривожлантириш мақсадида телевизор ҳамда ноутбук тақдим этилди.

Шунингдек, 5 нафар офицер ва сержантларга Мудофаа вазирлигининг “Намунали хизматлари учун” медаллари, 22 нафар шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлари ҳамда Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округ қўмондонининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Тадбир ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар остида давом этди.

Тадбир сўнггида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамда тадбир иштирокчилари Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ҳисобланган ҳарбий техникалар билан ҳам танишдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM