ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ

Бугун Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг йигирма биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.Сессияни шаҳар Кенгаши раиси Гавҳар Алимова кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Депутатлар томонидан сессияда тўртта масала муҳокама қилинди.

Дастлаб кун тартибидаги 1-масала бўйича шаҳар ҳокимлиги молия бўлими мудири Ф.Садриддиновнинг “Каттақўрғон шаҳрининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Маҳаллий бюджет прогноз кўрсатгичлари 2020 йилда 31 млрд. 307 млн. сўмни ташкил этиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра кутилаётган ижро 33 млрд. 145 млн. сўмни ёки 1 млрд. 838 млн. сўмга (яъни 106 фоизга) ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.

Охирги йилларда жойларда бюджет даромадларининг ўсиши Президентимиз кўрсатмалари асосида муваффақиятли ўтказилаётган солиқ ислоҳотларининг ва даромадлар соҳасида маҳаллий ҳокимиятларнинг ваколатлари кенгайтирилиши натижасидир.

Йил давомида шаҳар ҳокимининг қўшимча манбалари жами 4 млрд. 227 млн. сўмни ташкил қилган. Шундан эркин қолдиқ маблағлари 1 млрд. 525 млн. сўмни, захира маблағлари 1 млрд. 131 млн. сўмни 1,2 ва 3 чорак якунлари билан даромадларнинг режадан ошган қисми жами 1 млрд. 571 млн. сўмни ташкил қилган.

Ушбу масала юзасидан сессия иштирокчилари томонидан саволлар берилди. 

Депутатлар томонидан сессияга 2- масала сифатида киритилган Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши котибиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди. 

Қарорга кўра 2021 йил 1-январдан халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи котибияти ташкил этилади.

Шунингдек, депутатлар томонидан “Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорли- гини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Ахмадовнинг ахбороти эшитилди.

Сессияда тўртинчи масала сифатида дастлаб доимий комиссиялар, яъни қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича, ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича, атроф муҳитни мухофаза қилиш ва экология масалалари бўйича, саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича, регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича ўтган йил давомида амалга оширган ишлари юзасидан ахборотларини тақдим этдилар. 

Шундан сўнг Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2021 йилга мўлжалланган иш режалари тасдиқланди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM