Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг  “Давлат байроғи тўғрисида”ги  қонун қабул қилинган кун муносабати билан  табрик сўзи

Ассалому қадрли дўстлар!

Бугун давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 29 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги тўқ мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради.

Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 

Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи.  Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир. 

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Ўн икки юлдузга бўлган эътибор Ватанимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида “Нужум илми” тараққий этганлиги билан изоҳланади.

Муҳтарам ҳамшаҳарлар!

 Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган.

 Миллий байроғимизнинг ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади.

Миллий байроғимиз мамлакатимизнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. У халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимизни ифода этади.

Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва мафкураси ҳақида айтиб туради. Кўпчилик байроқларга жойланган маънони тушинмайди.

Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат.

 Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

АЗИЗ ДЎСТЛАР!

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Байрамингиз муборак бўлсин!

Юртимиз байроғи баланд ҳилпираверсин!

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM