ЭЪТИБОР  – ТАШАББУСКОРЛИККА ЙЎЛ ОЧАДИ! МАҲАЛЛАДОШ АЁЛЛАР ГАВҲАР АЛИМОВА БИЛАН ДАРДЛАШДИЛАР...

Каттақўрғон шаҳрида 90 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб, улардан, меҳнат ресурслари сони 50088 нафар, шундан 26045 нафари хотин-қизларни ташкил этади.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ҳокимликка 811 нафар иш сўраб мурожаат қилган хотин-қизларнинг 178 нафари доимий иш билан таъминланди. 34 нафар хотин-қизларга давлат субсидияси орқали иссиқхоналар қуриб берилди.

Шаҳарда бандлик ва меҳнат муносабатларини ташкил этиш учун қисқа муддатли ўқув курсларида  тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, компьютер ва бошқа касбларга стипендия таъминоти билан 78 нафар ишсиз хотин-қизлар қайта касбга  ўқитилди.

Каттақўрғонга ҳоким этиб тайинланганидан буён Гавҳар Алимова мудом хотин-қизлар муаммосини биринчи даражага қўяди. Имкон топган заҳоти маҳаллага бориб хотин-қизларнинг турмуш шароити билан қизиқади. Чунки, қатор йиллар маҳалла тизимида, кейинчалик хотин-қизлар қўмитасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган Гавҳар Алимова ҳаммадан ҳам аёлларни яхши тушунади.

Куни кеча шаҳар ҳокими эҳтиёжманд, оғир вазиятга тушиб қолган бир гуруҳ хотин-қизлар билан учрашиш мақсадида “Шафран” маросимлар марказига борди.

Норасмий, ноанъанавий руҳда ташкил этилган мазкур тадбирда Гавҳар Алимова бир пиёла чой атрофида хотин-қизлар билан дилдан суҳбатлашди.

Кимдир кўздаги ёши билан ўз дардини тўкиб ёзди. Кимдир дилдаги қувончини айтди. Қарабсизки, тадбир бир зумда  ҳақиқий хотин-қизлар машваратига айланди.

Гавҳар Алимова маҳалладошларни юракдан айтган дардларига шерик бўлди. Суҳбат қизигандан қизиди. Ўз тақдири, ўз ҳаётидаги қувонч ва ташвишлари ҳақида бирин-кетин гапирган дугоналар давраси узоқ давом этди.

Фақат эътибор ва бирозгина меҳрга муҳтож бўлган хотин-қизлар билан дилдан суҳбатлашган ҳоким суҳбат асносида уларнинг дил сўзларини, муаммоларини тинглар экан мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётдаги фаолликларини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар давлат сиёсати даражасида эканлигини яна бир бор таъкидлади. У сўзида аёлнинг оила фаровонлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандларни комил инсонлар қилиб тарбиялашдаги роли ва масъулияти жуда юқори эканлигинини айтди. 

"Ноқис” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Нодира опа тадбир иштирокчиларидан бири.

– Бизга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, – дейди Нодира опа, кўз ёшларини яширмай. – 18 йил уйсиз ижарда яшадим, ўтган йили ҳокимиятга мурожаат қилган эдим. Зудлик билан менинг арзимни ерда қолдирмай, шаҳар ҳокимлиги томонидан 2 хонали уй ажратилди. Қувончим оламга сиғмайди. Ҳар бир байрам, яхши кунларда ҳокимият, маҳалладагилар, қўни-қўшнилар йўқлаб туради.  Бугунги тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Меҳр-оқибатли халқимиздан, хонадонимизга файз келтирган тадбир ташкилотчиларига раҳмат айтаман.

 

Шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова сўзга чиқиб, бугун Ўзбекистонимизда аёлларга берилаётган юқори эътибор туфайли давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди. У шаҳримизда истиқомат қилиб келаётган  меҳнатга лаёқатли 26045 нафар хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳаётда ўз ўринларини топиш, айниқса оғир вазиятдаги, боқувчисини йўқотган, кўп болали, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, бу борада камчиликларимиз борлигини, келажакда саховат ва мурувват тадбирларини кенгайтиришимиз лозимлигини айтди. Жумладан, хотин-қизлар ўртасида ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида имтиёзли кредитлар олиш истагида бўлган аёллардан 26 нафарига кредит берилганини етарли эмас, дея баҳолади.

Гавҳар Алимова сўзининг ниҳоясида ҳар бир тадбир иштирокчисига саховатпеша инсонлар томонидан тайёрланган бир неча турдаги  озиқ-овқат маҳсулотлари  солинган қутиларни топширди.

Шунингдек, 36 нафар  аёлга  чиройли ва нафис қишки  кийим -кечаклар совға қилинди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган даврда хотин-қизларга 5 та она-бола сигир, 30 бош она бола қўй ва турли даражадаги  ҳунармандчилик ускуналари, сектор раҳбарлари ва ҳомийлар томонидан 11 нафар хотин-қизларга тикув машинкалари, 20 нафарига микропечлар, поп-корн аппаратлари берилган эди.

Тадбир шаҳар маданият бўлими санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан ниҳоясига етди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM