ЯХШИ ЯШАШНИНГ ИМКОНИ БОР, ФАҚАТ ҲАРАКАТ ҚИЛИШ КЕРАК

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, улар учун муносиб турмуш тарзини яратиш йўлида кенг миқёсдаги саъй-ҳаракатлар амалга         оширилмоқда. Айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, ишсиз ёшлар, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бу борадаги ислоҳотларнинг асосини ташкил қилмоқда. Зеро, Президентимиз ташаббуслари билан белгиланган тадбирлар доирасида камбағаллик, ишсиз ёшлар ва аёллар бўйича шакллантирилган рўйхатлар асосида фуқароларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида ҳам бу борада ўтган давр ичида шаҳар ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси ва секторлар кесимида “Темир дафтар”га киритилган ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Мана шундай оилаларнинг хонадонларига ташриф давомида уларнинг хоҳиш-истакларига кўра касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик истагида бўлганларга кредит бериш, ҳунари бўлган хотин-қизларга ўзини-ўзи банд қилишнинг мақбул йўллари билан моддий шароитларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

Шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида яшовчи Акмал Бахриев отаси, синглиси ва 3 нафар фарзанди билан яшайди. Ҳунармандликдан хабари бўлган Акмал маблағ йўқлиги учун ишини давом эттиришга қийналарди. Лекин сектор раҳбари ёрдами билан 30 миллион кредит олиб шу орқали ишини йўлга қўйди. Ҳозирда нақшинкор чорпоялар ясаб шунинг орқасидан рўзғорини тебратяпти. Отаси билан бирга келгусида яна тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истагида. 

- Юртимизда яхши яшашимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Имкон бор. Фақат ҳаракат қилишимиз керак, -дейди Акмал. Секторнинг раҳбариятининг ёрдами билан оиланинг яна бир аъзоси Акмал Бахриевнинг синглиси Мафтуна Бахриевага ҳам тикувчилик билан шуғулланиши учун тикув мшинаси олиб берилган. Ҳозирда Мафтуна ҳам чеварлик билан оиласини моддий аҳволини яхшилашда ҳисса қўшмоқда.

Яна бир ҳамшаҳримиз, Рухсора Нормуродова ҳам 2-сектор ҳудудидаги “Нурафшон” маҳалласида яшайди. Рухсоранинг хонадонига кириб борарканмиз бу ерда турган тахлаб қўйилган эски мебель жиҳозларини кўриб ҳайрон қолдик. Танишиш асносида ушбу мебелларга ҳам Рухсоранинг ўзи ишлов беришини эшитиб ҳайратимиз янада ошди. Тайёр ҳолдаги мебелларни кўрган киши аслида бу ишни аёл киши қилганлигига ишонмайди.  

- Икки нафар фарзандим бор. Чеварлигим боис қўшниларимизнинг ясаган мебелларига устқоплагичларини тикиб берардим. Шу тариқа аста-секин ўзим ҳам ўргандим ва мустақил қила бошладим. Фарзандларим менга ёрдамчи. Секторнинг, маҳалланинг ёрдами билан иссиқхона ҳам қурдик. Асосан цитрус меваларга мослаштирилган иссиқхонада турли экинларни экиб рўзғор тебратяпман. Шу нарсага амин бўлдимки, инсон ҳаракат қилса ҳамма нарсага эришиши мумкин экан. Бунинг учун ҳамма шароит, имкон бор,- дейди, Рухсора.

Мана шундай ҳамшаҳарларимизнинг бугунда ўз йўлларини топиб, рўзғорларини тебратишга ҳаракат қилаётганликларни жуда қувонарли ҳол албатта. Булар шаҳримизда шаҳар ҳокимлиги, секторлар ва бошқа мутасаддиларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларининг амалий натижадир.

Ҳақиқатдан ҳам бугун юртимизда ўқиб фан билан шуғулланаман, касб-ҳунар ўрганаман тадбиркорлик қиламан деган, борингки турмушини фаровон қиламан деган инсон учун барча шароитлар муҳаё, фақат ҳаракат қилиш керак.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM