196 НАФАР ЎҚУВЧИГА ТАЛАБАЛИК НАСИБ ЭТДИ

Таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши ва шу орқали ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосини ташкил қилади. Бу борада таълим муассасалари билан бирга турли ўқув марказларининг самарали фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шаҳримиздаги ана шундай таълим масканларидан бўлган “Малика идукейшин” ўқув маркази фаолиятига ҳали кўп бўлмади. 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган марказни 2019-2020 йилда тугатган 175 нафар битирувчининг 123 нафари, 2020-2021 ўқув йилида эса турли олий ўқув юртларига ҳужжат топширган 280 нафар ўқувчининг 196 нафарига талабалик бахти насиб этди.

Уларнинг 41 нафари грант ва 156 нафари шартнома асосида ўқишга қабул қилиндилар.

Куни кеча шаҳримиздаги Драма театрда талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова талаба ёшларни мустақил ҳаётга қадам қўйиш йўлидаги биринчи ютуқлари билан муборакбод этар экан, албатта ушбу ёшларни келгусида шаҳримизни ҳар томонлама тараққий этишига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар етишиб чиқишини, қолавреса шаҳарни ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра Каттақўрғон шаҳрида иккита олий ўқув юртининг очилиши шаҳар ўқувчи-ёшларини олий таълимга қамраб олиш даражасини янада ошириши учун имконият эканлигини таъкидлади.

Албатта марказ битирувчиларининг мана шундай ютуқларни қўлга киритишларида ўқитувчи-педагоглар ҳам самарали меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшганларини эътироф этиш ўринли. Тадбир давомида уларнинг бу борадаги хизматлари юксак эътироф этилди.

Турли олий ўқув юртларининг талабаси бўлган ўқувчи ёшларга ҳамда устозларга шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбир куй ва қўшиқлар остида давом этди.

Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати. 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM