БОЗОР КАСАЛЛИК ТАРҚАЛИШИГА САБАБ БЎЛМАСИН

Бугунги карантин даврида аҳолининг энг катта эҳтиёжи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан боғлиқлиги барчамизга маълум. Бозорлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосининг асоссиз ошиши фуқароларнинг кундалик эҳтиёжларини қоплаш учун зарурий воситаларга бўлган эҳтиёжини қоплашда бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши ва аҳоли норозилигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бегзод Сайипов айни вақтда шаҳримиздаги бозорларда бу борадаги аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида “Деҳқон” бозорига борди.

Бозорга кириб чиқаётган фуқароларнинг ҳарорати ўлчаниб, дезинфикция қилинмоқда. Лекин ўрганишлар жараёнида бир қатор қоидаларнинг талаб даражасида бажарилмаётганлик ҳолатлари ҳам кузатилди.

Жумладан, бозордаги ширинликлар, сут ва бошқа маҳсулотларнинг усти очиқ ҳолда, санитария-гигиена қоидаларига зид ҳолда сотилмоқда.

Бир қатор гўшт расталаридаги гўштларда тегишли рухсатномалар йўқ. Гўшт маҳсулотларининг рухсатномаларисиз сотилаётганлиги юзасидан берган саволимизга эса мутасаддилардан аниқ жавоб ололмадик.

Бир қатор сотувчи ва харидорларда ниқоблар мавжуд эмас. Айрим фуқаролар усти очиқ турган маҳсулотларни шу ернинг ўзидаёқ татиб ҳам кўрмоқдалар.

Ҳар соатда, ҳар дақиқада мутасаддилар томонидан касалликни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида тегишли қоидаларга аҳолининг амал қилишлари ҳақидаги тушунтиришлар берилаётган бир вақтда фуқароларнинг бунга нисбатан нописандлик билан муомалада бўлишлари, ўзлари ва яқинларининг саломатликларига эътиборсиз бўлаётганларини қандай изоҳлаш мумкин?

Ҳар бир инсон ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги, биргина хатоси орқасидан кўплаб инсонларнинг соғлигига зарар етказишлари мумкинлигини тушуниб етса мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бозорлар аҳоли гавжум жой ҳисобланади. Бу эса касалликни тарқалишига имкон яратади.

Б.Саиповнинг сўзларига кўра, Ингичкада ва шаҳарнинг Амир Темур номли ҳамда “Дўстлик” маҳаллаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилувчи раста-вагонлар ўрнатиш ишлари бошланди. Мазкур савдо нуқталари фермерлар томонидан таъминланадиган бўлиб, маҳаллий аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондиради.

Фурсатдан фойдаланиб барчани эътиборли бўлишга, тартиб-қоидаларга амал қилишга чорлаб қоламиз.