26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка карши кураш куни

Гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар. Зеро, фақат соғлом ота-онадангина соғлом зурриёд дунёга келади. Ҳеч бир инсон онадан гиёҳванд бўлиб дунёга келмайди. Ҳатто, гиёҳванднинг боласи ҳам.

Инсон ҳар доим ўз орзу-интилишлари, мақсад ва режалари йўлида ҳаракат қилади. Агар истаса, ҳар бир киши жамият ривожи йўлида улкан ишларни амалга ошириши мумкин. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таҳсил олиши, эркин касб танлаши, қизиқишлари, истеъдодини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина ўша шарт-шароитларни кўра билиш ва ундан оқилона фойдаланиш лозим. Бироқ бугун билиб-билмасдан эгри йўлларга кириб қолаётганлар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас.

 Гиёҳвандлик (наркомания) – юнонча “нарке” – карахтлик ва “мания” – телбалик, жаҳл, шод-ҳуррамлик, деганидир.

Ушбу иллатга ружу қўйган одам наркотик моддаларни қайта-қайта ва кўп миқдорда истеъмол қилгиси келаверади. Бора-бора ушбу моддани истеъмол қилмаса туролмайдиган бўлиб қолади. Шу тарзда гиёҳванд тўдаларнинг сафи тобора кенгайиб бораверади. Бошда улар томонидан берилган моддий рағбатлар (гиёҳванд моддаларни бепул бериш ва шунга ўхшаган) натижасида, айниқса, ёшларнинг бу йўлга кириб қолиши унчалик мураккаб кечмайди. Ҳаммаси англанганда эса, бангилик вужудга келиб улгурган бўлади. Бу эса инсонни охир-оқибат тубанликка олиб келади. Гиёҳванд модда қабул қилган киши кўп вақт ўтмасдан унинг қулига айланади.

Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки беэътиборлик сабаб бўлади. Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналарнинг фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фарзанднинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, энг аввало, оила бошлиқларига боғлиқ. Бу борада меҳрибон ота-оналар зиммасига катта масъулият юкланади. Демак, “Аср вабоси” деб аталувчи гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашишга фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, жамиятдаги ҳар бир инсон масъул.

Мақсад эса, дунёни гиёҳвандлик балосидан сақлаш, инсоният саломатлигини асрашдир. 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM