ОБИ-ҲАЁТ ШЎХЛИКЛАРИ

Бугун ариқлардаги сувлар яна тиниқлашган, зилол тусга кирган. Лекин шу баҳорда-чи? Сурункали ёмғир сувлари ариқ-анҳорларда тўлиб, тошиб, лойқаланиб оқди. Қирғоқларни ювиб, ўпириб ташлагудек эди. Мастаҳкам тўғону қирғоқлар эса селнинг важоҳатига: “Тошарсан-тошарсан, бу шаштингдан тушарсан”, дегандек бўлишарди. Аммо сел тинмас, тўлиб тошиб, чақмоғу момақалдироқлар садосига жўр бўлиб қуйиларди.

 

Миробу сувчилар янги сув йўллари, ариқлар очишди. Ва ниҳоят сувни дарёлар, сув омборлари, далалар томон буриб юборишди.

-Вой-бу! – деди сув. –Бепоён кенгликларни кўриб, ҳайратланиб роса хуморим бомиладиган бўлди-да.

Қойиллатиб югурмоқчи эди, бўлмади, қулоғига заифгина овоз чалинди:

-Ҳой, ошна шошилма, мириқиб ичиб, ташналигимни қондирай?

Сув қараса, митти ниҳол. Худди жуволдизга ўхшайди. Аввалига бор-ей, деб кетмоқчи эди, кўнгли бўлмади. Кел, шулар ҳам яйрасин, деб оҳиста шилдираб оқди. Эгат бошига бориб ортига қараса, кўчатлар барқ уриб қолибди, қилган ишидан севиниб, яна оқди.

Шу тариқа сув ҳали экинларни суғорди, ҳали дарахтларнинг ташналигини қондирди, ҳали сув омборларини тўлдирди. Шўхликларидан асар ҳам қолмади.

Сумбула туғилиши билан сув шундай тиниқлашдики, энди унга қараб пардоз қилса бўларди. Қилган меҳнатидан асло ўкинмади. Мана, хайрли ишлари эвазига юзи тиниқ, тоза, хижолатлиги ҳам йўқ, баҳорги шўхликлари ҳам...

Хуллас, инсон кексайганида, томиридаги туғён солиб оқаётган қонлари совиб, фикри тиниқлашганда анап шундай юзи ёруғ бўлишини истайман. Ҳалол, покиза яшаб, қалби ором оғушида бўлишини истайман. Чунки мазмунли умр ҳам оби ҳаётдир. Ундан минглаб кўнгиллар сув ичади.

Абдуазиз ҲОШИМОВ. 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM