ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНАДИ?

Бугун шаҳримиздаги “Версал” тадбирлар масканида маҳаллаларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирокида бўлиб ўтган семинар-тренинг ана шу масалага бағишланди. Вилоят реабилитация маркази ташаббуси билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими, шаҳар ИИБ, шаҳар реабилитация бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорлари мазмун-моҳияти юзасидан тўлақонли тушунчалар берилди.

 

Дастлаб сўзга чиққан вилоят реабилитация маркази раҳбари М.Азимова зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация  қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ҳақида сўз юритди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари М.Нуруллаева, шаҳар ИИБ ҲИБ катта инспектори З.Ахадовалар ҳам сўзга чиқиб юқоридаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар томонидан ҳимоя ордерини олиш тартибига тўхталдилар.

Семинар давомида иштирокчилар аёллар ва эркаклар ҳуқуқ ва эркинликлари тенглиги кафолатлари ҳақида ўзаро мулоқотга киришдилар. Шунингдек, тренинг давомида савол-жавоблар ҳамда амалий машғулотлар ҳам ўтказилди.

Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад шаҳар реабилитация маркази, маҳалла мутахассислари ва ИИБ ўртасидаги ҳамкорликни янада яхшилаш, хотин-қизларга ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси юзасидан тушунчалар бериш ҳамда оилалардаги муҳитни соғломлаштириш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM