ВИЛОЯТ ҲОКИМИ КАТТАҚЎРҒОННИ ТЕЗРОҚ ОБОД ГЎШАГА АЙЛАНИШИНИ ИСТАЙДИ

Аввал хабар қилганимиздек, Каттақўрғон шаҳрини кўркам худудга айлантириш илинжида Республика ва вилоят миқёсидаги раҳбарлар турли чора-тадбирларни кўришмоқда.Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг бу галги ташрифи Алишер Навоий кўчасида жойлашган “Нурхон” кафесидан бошланди.

 

Бундан йигирма йил муқаддам очиқ боғ, скверь деб аталган мазкур худуд бугунги кунда кафе тасарруфида бўлиб, унинг бир чеккасида савдо дўконлари ва музқаймоқхона қурилмоқда.

Мазкур қурилишлар “Мотамсаро она” ҳайкали ёнида жойлашгани учун майдоннинг меъморчилик ечимига соя солган.

Шунингдек, шаҳардаги 18 мактаб фаолияти билан танишилганда, мактабнинг спорт залига кирувчи йўлак, худуддаги тадбиркорнинг ташаббуси билан бетон тўсиқлар билан ноқонуний равишда ёпиб олингани маълум бўлди. Бетон тўсиқлар олиб ташланиб, спорт залга кириш қисми очилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов “Ермачит” маҳалласида бўлди. Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг айтишича, маҳалладаги кўп қаватли уйлар ёнидаги умумий ҳовлида яшаб турган фуқароларни қийнаб турган муаммонинг асосийси уй-жой билан боғлиқдир. Шу муносабат билан вилоят ҳокими фуқароларнинг яшаш шароити билан танишди. Ҳоким томонидан мазкур ерда кўп қаватли уй қуриш таклифи муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокимига аҳоли вакиллари ўзларининг саволлари билан жумладан банк кредитларини олиш бўйича мурожаат қилди. Шунга мувофиқ банк муассасаси, ободончилик, қурилиш ташкилоти раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Фуқароларнинг илтимосига кўра турли йўналишларда- тикувчилик, сартарошлик , қуёнчилик ва бошқа фаолиятни ташкил этиш учун банк кредитлари ажратиладиган бўлди.

Вилоят ҳокимининг бу галги ташрифи шаҳар фаоллари, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокидаги Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳокамалар билан ўз якунига етди.

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM