ОЛТИН МЕДАЛЬ СОХИБЛАРИНИНГ ОЛТИНГА ТЕНГ ЛАҲЗАЛАРИ

Мактаб ҳар биримизнинг ҳаётимизда унутилмас давр ҳисобланади. Биринчи ҳаяжон илк мактабга қадам қўйган кунимиз бўлса уни тарк этар чоғимиз янада кучли ҳаяжон ва соғинчни ҳис қиламиз. Биз учун қадрли бўлиб қолган устозларнинг ўгитлари, беғараз танбеҳлари, синфдошлар билан ўтган қизиқарли ва унутилмас воқелар ширин хотирага айланади.

Бугун аъло даражадаги аттестатлар олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган 16 нафар ўқувчи ёшлар ҳам бу унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларни ширин хотира билан эслашлари шубҳасиз.

Шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида олтин медалларни топширар экан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, бугун ҳаётларидаги унутилмас лаҳзаларни кўнгилдан кечираётган ўқувчи-ёшларни келгусида ота-оналари ҳамда устозларининг ишончини оқлаши, шунингдек, шаҳримизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида ҳамда ватанимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишишида муваффақиятлар тилади.

Ушбу ҳаяжонли кунда ўқувчи-ёшлар ҳамда ота-оналар ҳам кўзда ёш билан устоз-мураббийларга дилдаги истакларини, ташаккурларни ва энг самимий тилакларини билдирдилар.

 

-Илк мактабга келганимдаги ҳаяжонни унчалик эслолмасамда лекин бугунги куннинг олтинга тенг лаҳзалари ҳаётимда бир умрга унутилмас воқеага айланди. Ҳар биримиз бугун мустақил ҳаётга улкан режалар ва иштиёқ билан қадам қўйяпмиз. Устозларнинг бизга билдирган ишончларини келгусида албатта оқлаймиз. Шу фурсатда мактабимиз раҳбари Озода Салимова ҳамда барча устозларимизга чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Бугун, айни вақтда бир нарсани дилдан туйдимки, устозларимиз бу кунларни қадрига етинглар, бошқа бу кунларга қайтиб бўлмайди деб кўп бора такрорлардилар. Ҳозира ушбу сўзларнинг мағзини чуқурроқ англаяпман. Ҳақиқатдан мактаб даврларимиз, устозлар ва синфдошлар билан боғлиқ воқаларни энди биз учун фақат ширин хотирага айланади, -дейди олтин медал сохибларидан бири, 11 ИДУМ 11-В синф ўқувчиси Ширин Ишбекова.

Фарзандлари ортидан ташаккур эшитиши ҳар бир ота-онаинг кўнглини тоғдек кўтаради. Тадбир давомида вилоят халқ таълим бошқармасининг ташаккурномаларини олган ота-оналарнинг кўзларида ҳам бу мамнунликни кўриш мумкин. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги томонидан ўқувчиларга ҳам фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳамротош Шодиева, шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Шухрат Тагаев ҳамда шаҳар ҳокими ўринбосари Азиз Ибрагимовлар ҳам ўқувчиларнинг келгусида олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришларини тилаган ҳолда уларнинг ўқиш ва ишларида омад ва зафарлар тиладилар.

 

 

Ушбу лаҳзалар юқорида айтганимиздек ўқувчиларнинг мактаб даврини эслатиб турувчи энг ҳаяжонли ва олтинга тенг лаҳзалари бўлиб қолиши шубҳасиз.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM