ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИНИНГ СЕКТОРЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИГИ ҚАЙ ДАРАЖАДА?

Маълумки, айни вақтда мамлакатимиз бўйлаб аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шаҳримизда ҳам бу борада қатор чора-тадбирлар белгиланиб изчиллик билан бажарилмоқда. Бунда айниқса шаҳримиздаги Халқ қабулхонасининг секторлар билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари яхши натижа бермоқда. 

 

Қабулхона мутасаддилари томонидан оилаларнинг ҳақиқий яшаш шароити ўрганилганда уларни моддий томондан қўллаш, даромад манбаига эга бўлишлари учун шароит яратишга эътибор қаратилмоқда. Яқинда Халқ қабулхонаси ва 2 сектор билан ҳамкорликда Камбағалликни қисқартириш бўйича сектор аъзолари ҳамда сектор ҳудудидаги маҳаллалар раислари иштирокида семинар ўтказилди. Унда камбағалликни қисқартириш бўйича Халқ қабулхонаси мудири Х.Шодиева томонидан бир қатор тавсиялар берилди, шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ДХМ мутахассислари билан ҳамкорликда уй-жойга муҳтож фуқароларга субсидия асосида уй-жой олиш тартиби ҳам тушунтирилди.

 

-Ўрганишлар давомида 2 секторда мавжуд 10 та маҳаллада жами 247 та камбағал оилалар рўйхати шакллантирилган бўлиб, бу оилаларни камбағалликдан чиқариш учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда дейди,- шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳамротош Шодиева.  Жумладан, 25 та оилага субсидия асосида иссиқхона ташкил этиб берилган. 21 та оилага қўй ва парранда олиб берилиб, 8 нафарини доимий ишга жойлаштириб бандлиги таъминланган. 4 нафарига қандолатчилик билан шуғулланиш учун электр печ ва газ баллони олиб берилган, 3 нафарига ҳунармандчилик ва тикувчиликни ривожлантириш учун кредит ажратилган, 2 нафарига пайвандлаш аппарати олиб берилган, 2 нафарига бензаарра ва префаратор олиб берилган, 2 та оилага Попкорн аппарати олиб берилган.

 

Камбағалликни камайтириш учун юртбошимиз таъкидлаганларидек, ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш орқали эмас, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Бугун Халқ қабулхонаси вакиллари ана шу қоида асосида аҳоли муаммоларини жойида ўрганиб, уларнинг хоҳиш истакларидан келиб чиқиб камбағаллик рўйхатида турувчи оилалар учун даромад манбаини шакллантириш чораларини кўрмоқда.

Албатта бунда секторлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM