БИР АСАР ТАРИХИ

Дарвешона феъл, мутасаввиф шоир, ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган,араб ва форс тилларини мукаммал ўрганган адиб, диншунос аллома,туркий  тасаввуф адабиётининг йирик вакилларидан бири,тариқат талабларини бажариб шайхлик мартабасига кўтарилган,валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган, шоирона кўнгил соҳиби бўлган, шунингдек, Каттақўрғон шаҳрининг барпо қилинишида бевосита алоқадор-Сўфи Оллоёрнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бир қатор қўлёзмалар ва китоблар Каттақўрғон шаҳар тарихи музейи экспозициясига қўйилган. Жумладан, Сўфи Оллоёрнинг “Маслак ул-муттақин” шеърий усулдаги китоби ноёб  экспонатлар жумласига киради. Китоб сариқ қоғозда, қора сиёҳ  билан икки  устунда, араб графикасида, форс тилида,   қўл ёзма усулида чоп  этилган. Китоб муқовасининг ўрта қисмига бир устунда учта нақшинкор безак  берилган. Муқоваси   яшил картондан. Ушбу китоб 363 бетдан иборат.

     “Маслак ул-муттақин” “Тақводорлар маслаги” ёки “Гуноҳ ишлардан сақланувчилар йўли”, -“Аллоҳдан қўрқувчилар тутадиган йўл” деб ҳам юритилади. Бу Сўфи Оллоёрнинг шеърий шаклда, форс тилида битилган 12000 байтдан ортиқ бўлган, 135та катта- кичик боблардан таркиб топган энг йирик ва энг салмоқли асари бўлиб, 1699-1700 йилларда ёзиб тугатилган.

           Бу китобни ёзилишидан мақсад Сўфи Оллоёр яшаган даврларга келиб  Ислом динининг бир қадар сусайиши, натижада аҳлоқсизликнинг кучайиши, бемеҳирлик, шаробхўрлик, зинокорлик, фахш, зулм ва зўравонликнинг кенг авж олиши бўлган. Шундай шароитда дин, имон ва эътиқодга доир асар ёзишни Сўфи Оллоёр зарурий бурч деб билиб, асардаги ҳар бир ғояни шариат ҳукми, Қуръон ва ҳадис асосида шарҳлаб тушунтириб берган. 

          Асарда Аллоҳ таолонинг қудрати, зоти ва сифатлари таърифланиб, Қуръонда зикр этилган Пайғамбарларнинг номлари тилга олиниб, улар билан боғлиқ воқеа ва ҳодисалар баён этилади. Шунингдек, асарда иймон келтириш, чорёрлар мадҳи, имомлик қилиш, ўз фарзандига насиҳати ва ўзининг ожизлиги баёни, мусулмончиликнинг беш шарти, номоздаги ўн икки иттифоқли фарз, таҳорат, таяммум, намоз, рўза, закот, қурбонлик, ов қилиш, қироат, саждаи саҳв, саждаи тиловат, ўликни ювиш,  кафанлаш,  шаҳидлик ҳукми, сув ва қудуқ ҳукми, каби фиқҳий масалаларни ҳар томонлама шарҳлаб, далиллаб берган.

    Шоир устоз ва шогирдлик ҳақида ёзиб, уни муридликка қабул қилган Ҳожи Наврўз ва у кишининг пири бўлган Шайҳ Ҳабибуллоҳларни ҳурмат билан тилга олади.

           Шуни айтиб  ўтиш жоизки “Маслак ул-муттақин” халқ орасида машҳур бўлиб  кетгач, форс тилини оддий халқ билмаслигини эътиборга олиб,  Сўфи Оллоёрга дўст-ёрлари, шу китобни ўзбекча ёзиб беришни илтимос қилишади,  натижада, “Сабот ул-ожизин”туркий- ўзбек тилида юзага келади. Демак, бу асар ўз  даврининг маънавий эҳтиёжи туфайли яратилган асардир. Бу асар ислом маърифати хазинасини бойитган дуру жавоҳир, маънавиятимиз юксалишига улкан ҳисса қўшган десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, “Сабот ул-ожизин” асари Қуръоннинг мағзи, дея эътироф қилинган. Унинг китоблари қадимда мадрасаларда  талабаларга  эътиқод  дарслиги  сифатида  ёдлатиб  ўқитилган.

  Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, улуғ алломаларнинг бизга қолдирган бебахо маънавий мерослари, беназир китобларига тўғри назар,  хақ фикр   билан ёндашиладиган бўлди. Хусусан, Сўфи Оллоёрдек буюк аллома қолдирган ижодий мерос ҳам халқнинг қўлига етди. 

       Айни пайтда унинг асарлари қайта-қайта нашр қилинмоқда. Газета ва журналларда ижодий меросидан намуналар берилмоқда.

         Сўфи Оллоёр истеъдодли шоиргина эмас, йирик мутафаккир олим ҳамдир. У “Махзан ул-мутъиин” асарини араб тилида, “Маслак ул-муттақин”, “Мурод ул-орифин”, “Ҳажнома”, асарларини форс тилида, “Сабот  ул- ожизин” манзумасини ўзбек тилида ёзиб, ислом оламига бебаҳо мерос қолдириб кетган.

Д.ТАИРОВА.

Халк депутатлари шаҳар  Кенгаши

Депутати, тарихий  музей  мудираси.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM