"ЎЗГАРИШЛАРНИ ҲАР БИР ИНСОН ҲИС ЭТИШИ КЕРАК" ЭРКИНЖОН ТУРДИМОВ ЯНА КАТТАҚЎРҒОНГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириқларига биноан ўтган ҳафта давомида вазирликлар ва Республика аҳамиятидаги ташкилотларнинг раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ 8 йўналишда иш олиб борди.

Каттақўрғон шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан бир неча кун давомида гуруҳ раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни амалга ошириш юзасидан дастур лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

Кеча Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Каттақўрғон шаҳрига ташриф буюрди.

Ўтган сафар вилоят ҳокими ташрифи чоғида, шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ҳамрохлигида, вилоятнинг мутасадди раҳбарлари иштирокида кун давомида Каттақўрғоннинг 18 та маҳалласи ҳудудидаги 35 та ижтимоий-иқтисодий объектларда бўлиб, муаммоларнинг ичига кириб, ҳар бир ҳолат бўйича масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилган эди.

Э.Турдимов бу сафар ҳам аввал  ободончилик, қурилиш, маданий ва ижтимоий объектларга кириб, жойида ҳақиқий аҳволни ўргангач, мутасаддиларни саволга тутди.

Дастлаб вилоят Марказий банкининг бошлиғи Отабек Тўхтаев банк-молиявий таъминот масаласига тўхталиб, 2020-21 йилларда шаҳарда амалга оширилажак 860 млрд. сўмлик 116 та лойиҳа шакллантирилганини маълум қилди. У маблағнинг 410 млрд. сўми тадбиркорларнинг, 415 млрд. сўми банк кредити ва 3 млн 500 минг АҚШ доллари инвестиция ҳисобига тўғри келади, деди. Унинг сўзларига кўра лойиҳаларнинг 59 таси саноат, 36 таси қишлоқ хўжалиги, 21 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишлидир.

 

Эркинжон Турдимов ижтимоий объектлар жумладан, истироҳат боғи, амфитеатр, маданият бўлими биноларини таъмирлаш ва ободончилик ишларини тезлаштириш, Каттақўрғон шаҳар маданият саройи ва Ш.Рашидов кўчасида жойлашган кўзи ожизлар жамиятига қарашли кутубхонани қурилиш-реконструкция қилиш ишларига ҳам тўхталди. Мудофаа ишлари бўлими, Халқ таълими бўлими, Мактабгача таълим бўлимлари фаолияти учун янги бинолар қурилиши бўйича лойиҳалардан амалий ишларга ўтиш лозимлигини айтди.

Йиғилишда Самарқанд Давлат университетининг собиқ 2-сон академик лицейи биносида Самарқанд Давлат университетининг Каттақўрғон Педагогика филиалини, Каттақўрғон транспорт касб-ҳунар коллежи моддий техника базаси негизида Тошкент Давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалини ташкил этиш хусусида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек, айни вақтда Каттақўрғон шаҳрини 2020-2022 йилларда ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилиши юзасидан “Драйвер” йўналишларни аниқлаш, бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва энг мақбул лойиҳа таклифларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши ҳамда “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖ ва “MEXANIZATSIYALASHGAN KOLONNA № 12” Масъулияти чекланган жамияти негизида кичик саноат зонасини ташкил этиш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

 

Албатта, келгусида юқорида айтиб ўтилган вазифа ва топшириқларнинг бажарилиши, белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини фаол тадбиркорликка ва меҳнатга жалб этиш асносида камбағалликдан чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Матбуот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM