ЯХШИ ИШЛАРНИ ҲАР КИМ ҚИЛИШИ КЕРАК, ҲАР КУНИ ҚИЛИШИ КЕРАК

Айни кунларда шаҳримиздаги кўплаб тадбиркорларимиз мана шу сўзларни ўзларига шиор қилиб оляптилар десак муболаға бўлмайди. Улар мана шу шиор остида кейинги вақтларда коронавирус пандемиясини олдини олишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этяптилар. Касалликка қарши курашиш мақсадида белгиланган тартиб асосида уйда ўтирган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган кўплаб оилаларга тадбиркорларимиз томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик зарурий буюмлар, гигиеник воситалар тарқатилмоқда.

-Партиямизга шаҳримиздаги тадбиркорлардан бири Тошпулат ҳожи Тожиев ва унинг фарзандлари хайрли бир иш қилиш истагини билдириб мурожаат қилдилар. Улар уйда ўтирган моддий томондан қийин аҳволда яшаётган, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилаларга озиқ- овқат маҳсулотлари беришларини айтганларида биз ҳам жуда хурсанд бўлдик. Шаҳар Мактабгача таълим бўлими билан биргаликда мана шундай оилаларга саховатпеша тадиркорнинг совғаларини тарқатдик,- дейди “Адолат” СДП шаҳар Кенгаши раиси депутат Дилафрўз Хасанова.

Шу куни оилаларга ташриф буюриш давомида уйда қолган болаларнинг ота-оналарига касалликка қарши курашиш борасидаги тартиб қоидалар ҳамда фарзандларининг вақтларини бекор ўтказмасдан дарс машғулотлари билан банд қилишлари юзасидан тушунчалар ҳам берилди.

-         Бугун юртимиз бошига тушган синовда барчамиз яхши амалларни қилишимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Имконимиз борми имконияти йўқлардан ёрдамни аямаслигимиз лозим. Халқимиз бундан олдин ҳам кўп синовларни енгиб ўтган. Ишонамиз Оллоҳ бизни барча қиладиган яхши ишларимизни, савобли амалларимизни кўриб тургувчидир. Алббата бунинг мукофоти бўлади ва синовни енгиб ўтамиз. Зеро бугун барчамиз қалбимиздан ушбу синовни енгишни сўраб дуодамиз, - дейди Тошпулат ҳожи Тожиев.

Албатта биз мана шу дуоларнинг ижобат бўлишини ва саховатпеша инсонларнинг хайрли ишлари янада кўпайишини сўраб қоламиз.

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM