АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАЙКАЛИ ПОЙИГА ГУЛ ҚЎЙИШ МАРОСИМИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун республикамиз бўйлаб ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилди.

Шу муносабат билан шаҳримизда ташкил қилинган ушбу тадбир  эрта тонгдан шаҳар Истироҳат боғида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйишдан бошланди.

Тадбирда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этдилар.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими йиғилганларни муборакбод этди ва байрамнинг моҳияти ҳақида гапирди.

-Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек, тил – миллат руҳини юксалтирувчи буюк кучдир. Ушбу буюк неъматни ҳар бир миллат қанчалик эъзозласа, қадрласа, унинг тараққиёти учун жон куйдирса, тил янада гўзал ва бетакрор бўлиб қолаверади! Зеро, унда халқ тарихи, миллий қадриятлари, маданияти мужассамдир.

Ушбу байрамнинг юртимизда кенг нишонланиши она тилимизнинг нақадар бойлигини кўрсатиб бера олиши билан бирга унга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар биримиз тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Миллатимиз ғурури, ифтихори бўлган, ноёб хазина – она тилимизни асраш барчамизнинг бурчимиздир,- дея таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар миллатнинг фахри ва ғурури бўлган она тилимизнинг қадр-қиммати ҳақида сўз юритдилар.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари мутафаккир шоир Алишер Навоий  ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM