МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ ДАСТУР ДОИРАСИДА ТАЪМИРЛАНАДИ

Яқинда ижтимоий тармоқда Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини эътироф этиш билан бирга шаҳардаги айрим маданий мерос объектларининг аҳволи қониқарсиз ҳолатда эканлиги ҳақидаги хабар чоп этилди.

Ушбу хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда шаҳарда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурига кўра маданий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунгача кўплаб ижимоий соҳа объектлари таъмирланди ва янгилари барпо этилди.

2020 йилда шаҳардаги объектларни ўрганиш давомида вилоят ҳокими Э.Турдимов шаҳар мутасаддиларининг шаҳардаги йирик мутасаввиф шоир Суфи Оллоёр яшаган маданий мерос биносини ҳам янгидан барпо этиш ҳақидаги таклифига кўра Вазирлар Маҳкамасининг " 2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 580 сонли қарорига киритилган.

Ушбу қарорга кўра Инвестиция дастури ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Суфи Оллоёр яшаган иншоот ўрнида Суфи Оллоёр номидаги маънавият марказини қуриш ҳам кўзда тутилган. 

Шунингдек, ижтимоий тармоқдаги хабарда айтиб ўтилган маданий мерос объекти "Бегижон гузар масжиди" биносини сақланиб қолган ҳолда шаҳар туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2023 йилда инвестиция дастури доирасида тўлиқ таъмирланиб, ушбу жойда ҳунармандчилик марказини барпо этиш режалаштирилган. 

Албатта, шаҳарнинг бой маданий тарихини ўзида акс эттирган ушбу иккита маданий мерос обеъектининг таъмирланиб замонавий қиёфа акс этиши шаҳарда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.                                          

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM